Самарқандаги “Silk Road Samarkand” сайёҳлик марказида Халқаро шахмат федерацияси (FIDE)нинг “Grand Swiss 2025” халқаро мусобақасининг очилиш маросими ўтказилди.

Ўзбекистон номи кейинги пайтда халқаро спорт мусобақалари, жумладан, шахмат беллашувларида тез-тез тилга олинмоқда. Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов, Жаҳонгир Воҳидов, Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Афруза Ҳамдамова сингари спортчиларимиз Осиё ва жаҳон биринчиликларида маҳорат кўрсатиб, буюк аждодларимизга муносиб ворис эканликларини амалда намоён этмоқдалар. Шахматчиларимиз жаҳон рейтингида юқори ўринларга кўтарилиб, дунёнинг етакчи гроссмейстларини ақл машқида ортда қолдирмоқда.

Юртимизда шахматни ривожлантириш ва кенг оммалаштиришга давлатимиз томонидан катта эътибор қаратилаётгани, спортчилар фаол қўллаб-қувватланаётгани туфайли Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) бир қатор мусобақаларини ўтказиш учун Ўзбекистонни танламоқда. Келгуси йилда 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасини юртимизда ўтказишга қарор қилинганини ана шу жиҳатлар билан баҳолаш мумкин. 2026 йил сентябрь ойида Самарқанд мезбонлик қиладиган ушбу нуфузли спорт байрами олдидан бу йил  FIDEнинг “Grand Swiss 2025” халқаро мусобақаси учун ҳам энг қулай жой сифатида мазкур тарихий ва боқий шаҳар танланди.

Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида дастлаб Ўзбекистон заминида шахматнинг тарихи ва бугунги тараққиёти акс эттирилган видеоролик намойиш этилди.

Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) президенти Аркадий Дворкович, Ўзбекистон шахмат федерацияси раисининг биринчи ўринбосари, Ёшлар ишлари агентлиги директори А.Саъдуллаев, Самарқанд вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи А.Бобоев сўзга чиқиб, мусобақа қатнашчиларига муваффақият тилади. Ўзбекистонда шахматни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар эътироф этилди. 

– Президентимизнинг алоҳида эътиборлари туфайли юртимизда шахматни ривожлантириш ва кенг оммалаштириш мақсадида Ўзбекистон шахмат федерацияси, Спорт вазирлиги ҳамда шахмат академияси ҳамкорлигида қатор лойиҳа ва дастурлар амалга оширилмоқда, – дейди А.Саъдуллаев. – Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида замонавий шахмат мактаблари ва клублари ташкил этилмоқда. Истеъдодли спортчиларни кашф этиш учун ҳар ой ёшлар ўртасида шахмат мусобақалари ўтказилиб, бу орқали ёш шахматчилар ўз маҳоратини оширмоқда ва юқори рейтингга эга халқаро гроссмейстерлардан тажриба ўрганмоқда. “Grand Swiss” турнири нафақат жаҳон даражасидаги шахматчиларни саралаш, балки келгуси йил юртимизда ва айнан Самарқандда ўтказиладиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси олдидан тайёргарлик жараёнининг муҳим босқичи сифатида хизмат қилади.

Таъкидлаш лозимки, “Grand Swiss” халқаро шахмат федерациясининг энг нуфузли мусобақаларидан бири бўлиб, 2019 йилдан буён ҳар икки йилда ўтказиб келинмоқда. Бу йил Самарқанд мезбонлигида ташкил этилган турнирда аввалгилардан кўп – 39 мамлакатдан 172 нафар дунёнинг энг кучли ва таниқли шахматчиси қатнашмоқда. Мусобақа швейцарча тизимда 11 турдан иборат бўлади. Мукофот жамғармаси ҳам олдинги турнирлардагидан бир мунча салмоқли – 855 минг АҚШ долларини ташкил этади. Шундан аёллар мусобақаси учун соврин жамғармаси 230 минг АҚШ доллари этиб белгиланган. 

[gallery-25160]

“Grand Swiss 2025”да юртимиздан 14 нафар шахматчи иштирок этади. Эркаклар мусобақасида Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов, Муҳиддин Мадаминов, Жаҳонгир Воҳидов, Муҳаммадзоҳид Суяров, Ортиқ Ниғматов, Абдумалик Абдусалимов, аёллар гуруҳида Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Афруза Ҳамдамова, Умида Омонова, Гулдона Каримова ва Мадинабону Халилова юртимиз шарафини ҳимоя қилади.

– Аввал ҳам Самарқандда бўлганман ва бу гал амалдаги жаҳон чемпиони сифатида  “Grand Swiss 2025”да қатнашаётганимдан хурсандман, – дейди классик шахмат бўйича амалдаги жаҳон чемпиони, халқаро гроссмейстер Гукеш Домаражжу. – Кўплаб нуфузли турнирларда иштирок этган бўлсам ҳам “Grand Swiss” мен учун имкониятларимни яна бир бор синовдан ўтказиш, юқори рейтингли шахматчилар билан тажриба алмашиш учун қулай имконият ҳисобланади. Умуман, биз Ҳиндистондан 15 кишидан иборат жамоа бўлиб келганмиз ва Самарқандда юқори натижа қайд этиш ниятидамиз.

Маросимда рамзий қуръа ташлаш тадбири ўтказилди. Шунингдек, маданий дастур намойиш этилди.

Баҳслар эртага бошланади ва 16 сентябрга қадар давом этади.

Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА мухбирлари

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқандда мукофот жамғармаси 855 минг доллар бўлган халқаро шахмат мусобақаси бошланди