Самарқанд халқаро технология университети ректори, профессор Юсуф Абдуллаев яқинда Хитой Халқ Республикасига сафари давомида ушбу мамлакатнинг етакчи таълим муассасалари “Northeast Electric Power University” (Шимолий-Шарқий электр энергетика университети) ва “Tianjin University of Science and Technology” (Тианжин фан ва технология университети) билан ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар тузилди.
Шимолий-Шарқий электр энергетика университети президенти Чаи Гуови билан учрашув чоғида Самарқанд халқаро технология университети билан ўзаро ишончга асосланган ҳамкорлик доирасида таълим ва маданиятни ривожлантиришга кўмаклашиш юзасидан ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Унга кўра, томонлар ўртасида профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини йўлга қўйилади. Бакавариат, магистратура ва докторантурада “2+2”, “3+1”, “1+1” таълим тизимларини жорий этилади. Энг асосийси, Ўзбекистонда биринчи марта мазкур университетнинг Хитой энергия технологиялари институти факультети ташкил этилади.
– Мазкур факультет талабалари Самарқанд халқаро технология университети ва Хитой университетида таълим олган ҳолда “double diploma” соҳибига айланади, – дейди Самарқанд халқаро технология университети ректори Юсуф Абдуллаев. – Мазкур факультетда 2023 йилда 40 нафар талаба таълим олиши режалаштирилмоқда. Сунъий интеллект мактаби ривожланган Тианжин фан ва технология университети раҳбарияти билан олиб борилган музокаралар натижасида математика, физика, машинасозлик, кимё муҳандислиги ва энергетика дастурларини амалга оширишда ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришдик.
Тианжин фан ва технология университети бугунги кунда АҚШ, Австралия, Япония, Канада, Германия, Франция, Буюк Британия, Россия, Жанубий Корея каби мамлакатларнинг 40 дан ортиқ университетлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Энди ҳамкор мамлакатлар орасида Ўзбекистон ҳам бор ва мазкур университет Марказий Осиё бўйича биринчи марта Самарқанд халқаро технология университети билан меморандум имзолади.
Хитойга сафар давомида СХТУ ректори “Teo, Amo kaj la Mondo, 2023-2024” (Чой, севги ва тинчлик, 2023-2024) халқаро лойиҳаси ташаббускорлари билан ҳам учрашди ва ушбу қизиқарли маданий-маърифий лойиҳада илк бор Ўзбекистон вакиллари – СХТУ талабалари ва ўқитувчилари ҳам иштирок этишига келишиб олинди. Шунингдек, СХТУ кампусида “The Peace teahouse” (Тинчлик чойхонаси) очилиши белгиланди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА