Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда фуқароларни айланма йўллар билан АҚШ давлатига ноқонуний юбораётган жиноий гуруҳ аъзолардан бирининг фаолиятига чек қўйилди.
Маълум бўлишича, 1995 йилда туғилган, Бухоро шаҳрида яшовчи М.Ф. фуқароларни ноқонуний йўллар билан Европа иттифоқи давлатлари ва Мексика орқали АҚШга юбориш билан шуғулланган. У навбатдаги “мижози” – самарқандлик фуқарони АҚШга юбориш учун 15.000 АҚШ доллар сўраган. Тезкор тадбир чоғида М.Ф. ушбу пулдан 3000 АҚШ долларини маҳаллий фуқародан олаётган вақтида қўлга олинди.
Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ЎзА