Самарқанд шаҳрида “Турли-туман жамиятлар интеграцияси бўйича Любляна тавсиялари ва Ўзбекистоннинг миллатлараро тотувлик соҳасидаги сиёсати” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси ҳамда ЕХҲТнинг Кам сонли миллатлар масалалари бўйича олий комиссари Бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига кўра, давра суҳбатини ўтказишдан мақсад давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларини турли-туман жамиятлар интеграциясига ёрдам берадиган сиёсатни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича раҳбарий тамойиллар ва амалий тавсиялардан хабардор қилишдан иборатдир. Бинобарин, миллатлараро муносабатлар, тинч-тотувлик, ўзаро ҳурмат, миллий қадриятларни ривожлантириш ҳар қандай демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти тараққиётининг асосий кафолатларидан.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, ЕХҲТнинг Кам сонли миллатлар масалалари бўйича олий комиссари Элчи Кайрат Абдрахманов ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси ваколатхонасининг раҳбари вазифасини бажарувчи Сергей Сизов очиб берди.
А.Саидов Ўзбекистон ЕХҲТ ва унинг тузилмалари билан бошқа соҳалар каби миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш масалаларида ҳам яқиндан ҳамкорлик қилиб келаётганини таъкидлади. Бугунги кунда 130 дан ортиқ миллат ва эллат вакиллари яшайдиган Ўзбекистонда бу масалага давлат ва жамиятни ривожлантиришнинг энг долзарб, стратегик масалаларидан бири сифатида қаралади. Миллатлараро, динлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, Ўзбекистонда яшайдиган барча миллатларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш жорий ислоҳотларнинг, шунингдек миллий қонунчиликнинг асосий йўналишларидан ҳисобланади.
К.Абдрахманов жорий йил июнь ойида Ўзбекистонга ташрифи давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашув ташкил этилганлиги учун чуқур миннатдорчилик билдирди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг интеграцияга асосланган сиёсатини алоҳида қайд этар экан, давлатнинг янада изчил ривожланиши, ташқи ва ички таҳдидларга чидамли бўлиши ҳамда интеграция сиёсатига сармоя киритиш асносида турли-туман жамиятлар интеграцияси ва миллий маданиятлар хилма-хиллигини қўллаб-қувватлаш муҳим эканини эътироф этди.
Мазкур давра суҳбати “Любляна тавсиялари”га бағишлангани жамиятнинг ҳар бир аъзоси бугунги кундаги ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётнинг ҳар қайси жабҳасида инклюзив ёндашуви тўлиқ таъминланишига хизмат қилади.
С.Сизовнинг фикрича, ЕХҲТга аъзо давлатларнинг тажрибаси шуни кўрсатадики, адолатли ва мустаҳкам жамият қуриш учун зарур шарт – бу яхши бошқариладиган интеграция жараёнидир. Интеграция жараёнини қўллаб-қувватлаш учун давлатлар хилма-хилликни ҳурмат қиладиган жамиятни яратишга қаратилган сиёсатни амалга ошириши керак. Бунда ҳар бир шахс, шу жумладан этник, лингвистик, маданий ёки диний гуруҳларнинг барча аъзолари умумий ва инклюзив фуқаролик идентификациясини яратиш ва сақлашга ҳисса қўшиши муҳим.
Давра суҳбати доирасида ЕХҲТнинг 2012 йили Любляна шаҳрида қабул қилинган “Турфа хил жамиятларнинг интеграцияси бўйича Любляна тавсиялари”дан келиб чиқадиган вазифалар ва уларнинг бажарилиши юзасидан Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик сиёсатининг асосий йўналишлари, диний бағрикенгликни таъминлашда миллатлараро тотувликнинг ўрни, бу борадаги сиёсатни амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг роли, ислоҳотлар самарадорлигини баҳолашда ижтимоий фикрнинг аҳамияти, интеграция тамойиллари ва сиёсати норматив базасининг таркибий қисмлари, айрим мамлакатларнинг интеграциялашув сиёсатига оид энг мақбул амалиётлари, интеграциявий жараёнлардаги устувор хусусиятлар ҳамда қийинчиликлар хусусида қизиқарли фикр-мулоҳазалар юритилди.
Анжуманда ЕХҲТнинг халқаро экспертлар жамоаси ҳам ўз маърузалари билан иштирок этди. Жумладан, ЕХҲТ Кам сонли миллатлар масалалари бўйича олий комиссарининг сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчиси Антон Томсен, Олий комиссарнинг ҳуқуқий масалалар бўйича катта маслаҳатчиси Эльжбета Кужборска-Паха ва халқаро эксперт Ирене Каусарнинг чиқишларини иштирокчилар катта қизиқиш билан тингладилар.
Давра суҳбатида самарали интеграция тамойиллари, Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик сиёсатининг асосий йўналишлари, интеграция сиёсатининг асосий элементлари ва йўналишлари, диний бағрикенгликни таъминлашда миллатлараро тотувликнинг муҳимлиги, шунингдек, Эстониянинг муваффақиятли интеграция амалиёти каби мавзулар атрофлича муҳокама қилинди.
ЎзА