Самарқандда барқарор буғдой етиштириш бўйича халқаро тажриба ва минтақавий ҳамкорлик муҳокама қилинди
Самарқанд шаҳрида иқлим ўзгариши шароитида барқарор буғдой етиштириш ва фермерлар фаровонлигини оширишга бағишланган минтақавий семинар бўлиб ўтди.
БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ҒАО) томонидан “Озиқ-овқат тизими, ердан фойдаланиш ва тиклаш” (FOLUR) дастури доирасида ташкил этилган ушбу тадбирда тупроқ унумдорлигини сақлаш, ресурс тежайдиган технологияни жорий этиш ҳамда буғдой маҳсулотлари қиймат занжирини такомиллаштириш масалалари диққат марказида бўлди.
Анжуманда Олий Мажлис Сенати, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда ҒАО вакиллари сўзга чиқиб, соҳани иқлим ўзгаришига мослаштириш бўйича устувор вазифаларни белгилаб бердилар. Тадбирда Жаҳон банки, ICARDA, CIMMYT каби нуфузли ташкилотлар вакиллари билан бирга Хитой, Италия, Швейцария, Буюк Британия, Ҳиндистон, Қозоғистон каби ўнлаб мамлакатлар етакчи олимлари, соҳа мутахассислари фаол иштирок этди.

Иштирокчилар тупроққа минимал ишлов бериш, экинларни диверсификация қилиш, ўсимликларни биологик ҳимоя қилиш ҳамда сув ва харажат тежовчи рақамли лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш тажрибаси билан ўртоқлашдилар. Тўпланган илмий тавсияларни бевосита фермерлар қўллай оладиган амалий ечимга айлантириш орқали ҳосилдорликни ошириш баробарида атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш муҳимлиги таъкидланди. Шунингдек, FOLUR дастури доирасида турли давлатларда амалга оширилаётган лойиҳалар натижаси кўриб чиқилди.

Муҳокама фақат назарий маърузалар билан чекланмай, амалий таклифлар билан бойитилди. Тадбир қатнашчилари Қашқадарё вилояти Қамаши туманида ёмғир сувини йиғиш ва лалми майдонда буғдой етиштириш усули, Шаҳрисабз туманида эса суғориладиган ерда кузги буғдойни тупроққа ишлов бермасдан экиш технологияси ҳамда пахтачиликда рақамли суғориш тизимини қўллаш тажрибаси билан бевосита танишдилар.
Бундай илғор ёндашувлар олимлар ва фермерларга илмий ишланмаларни амалиётда синаб кўриш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда иқлим барқарорлигини сақлаш имконини беради.
Фардона Яхшибоева, ЎзА