Самарқанд шаҳрида Абу Даби Тараққиёт жамғармаси иштирокида сув таъминоти тизимлари ва йўл тармоқларини модернизация қилиш ишларига киришилди.
Шу муносабат билан Самарқанд вилояти ва шаҳар ҳокимлиги масъуллари, лойиҳани амалга оширишга мутасаддилар ва қурилиш ташкилотлари вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
– Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 2 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига асосан 300 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит маблағлари ажратилиши белгиланган, – деди Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Акмал Шукуров. – Шунингдек, Президентимиз томонидан 2022 йил 8 сентябрда “Абу Даби Тараққиёт жамғармаси иштирокида “Самарқанд шаҳрида сув таъминоти тизимлари ва йўл тармоқларини модернизация қилиш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилинган.
Мазкур ҳужжатлар асосида Ўзбекистон Республикаси ва Абу Даби Тараққиёт жамғармаси ўртасида 2022-2026 йилларда лойиҳани амалга ошириш учун 4 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда 17 йилда қайтариш муддати билан қарз битими имзоланган. Лойиҳанинг техник иқтисодий асослари ҳамда тендер ҳужжатлари Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 ноябрдаги йиғилиш баёнига асосан “Worley Parsons Uzbekistan Engineering” МЧЖ томонидан ишлаб чиқилган. Лойиҳани жадаллаштириш мақсадида иш ҳажмлари 4 та ЛОТга ажратилди, халқаро тендер савдоларига “Қурилиш ишларини тайёр ҳолда топшириш” шарти билан эълон берилиб, тендер савдолари ўтказилди ва пудрат компаниялари аниқланди.
Биринчи ЛОТда Амир Темур кўчасининг Бўстонсарой кўчасидан Гагарин кўчасигача бўлган 2,3 километр қисмида ҳамда Гагарин кўчасининг Гулобод кўчасидан М-37 автомобиль йўлигача бўлган 9,2 километр қисмида қуриш ва реконструкция ишлари амалга оширилади. Тендер натижалари бўйича 32,9 миллион долларлик бу вазифани юртимиздаги “New Tech Samarkand”, “Sinoindustrial Tashkent” ҳамда Туркиянинг “Tekar Teknik Arastirma Ticaret Limited Sirketi” корхоналаридан иборат консорциум амалга оширади.
Иккинчи ЛОТда Гагарин ва Мирзо Улуғбек кўчалари кесишмасида (умумий узунлиги 750 метр) ҳамда Гагарин ва Рудакий кўчалари кесишмасида (умумий узунлиги 650 метр) туннель ҳамда Гагарин кўчасидаги темирйўл устида 78 метрлик, шу кўчанинг давомида Сиёб канали устида 165 метрлик кўприк қурилади.
Умумий қиймати 84,2 миллион доллар бўлган бу туннель ва кўприклар қурилиши юртимиздаги “Me’mor Utkir Chovka LLC” ва Хитойнинг “Shaanxi Road and Bridge Group Co., Ltd” корхоналари консорциуми томонидан бажарилади.
Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги лойиҳани амалга ошириш гуруҳи раҳбари Олим Алихўжаевнинг таъкидлашича, ҳозирда объектларда коммуникация тизимларини кўчириш ишлари бошланган. Кўприк ва туннеллар босқичма-босқич қурилади ҳамда бу жараёнда йўлларда транспорт воситалари ва пиёдалар ҳаракати тўхтатилмайди, хавфсиз ҳаракатланиши чоралари кўрилади. Жорий йил якунига қадар Гагарин ва Мирзо Улуғбек кўчалари кесишмасидаги туннелнинг биринчи босқичини якунлаш кўзда тутилган.
Учинчи (31,6 миллион долларлик) ва тўртинчи (13,9 миллион долларлик) ЛОТ Самарқанд шаҳри сув иншоотлари билан боғлиқ бўлиб, унда Даҳбет ва Чўпон ота сув иншоотлари ҳамда 6 та насос станцияларини реконструкция қилиш, Амир Темур ва Гагарин кўчаларида 13,9 километр янги ичимлик сув тармоқлари қуриш белгиланган. Мазкур объектлар Ўзбекистон томонидан “MESMER-EAST LLC” ва Туркиянинг “GÜÇLÜ İNŞAAT” корхонасидан иборат консорциум томонидан қурилади. Айни пайтда Амир Темур кўчасида 2,3 километр масофага сув тармоғи тортиш ишлари бошланган. Ушбу объектда илк бор хориждан келтирилган диаметри 500 миллиметр бўлган чўян қувурлардан фойдаланилмоқда. Сув ва бошқа коммуникация тармоқлари тортиб бўлинганидан сўнг ушбу кўчани реконструкция қилишга киришилади.
Матбуот анжуманида маҳаллий ва хорижлик мутахассислар, пудратчи ва лойиҳачи ташкилотлар вакиллари оммавий ахборот воситалари ходимларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берди.
Ғ.ҲАСАНОВ,
А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА