Агар сиз ID-карта олмоқчи бўлсангиз биометрик паспортингиз билан қайси туманда рўйхатда туришингиздан қатъи назар ўзингизга қулай, исталган Ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларига ёки Самарқанд шаҳар ДХМга мурожаат қилишингиз лозим.
Бунгача вилоятимиз аҳолиси ушбу ҳужжатни олиш учун фақатгина ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларига мурожаат қилишларига тўғри келган. Фуқароларга янада қулайлик яратиш мақсадида Президентнинг 2021 йил 24 июлдаги ПФ-6269-сон фармони билан 2022 йилнинг 1 январидан бошлаб ID-карта ва хорижга чиқиш паспортини Давлат хизматлари марказлари орқали ҳам олиш имконияти яратилди.

2022 йилнинг 9 июнидан бошлаб Самарқанд шаҳар Давлат хизматлари марказида мазкур хизмат йўлга қўйилди. Ушбу хизматни сифатли кўрсатиш учун марказда барча шарт-шароит яратилган бўлиб, зарур техник асбоб-ускуналар олиб келиниб, ўрнатилган. Муҳими, ушбу хизматдан марказ орқали фойдаланиш истагида бўлганлар онлайн тарзда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳам электрон ариза беришлари мумкин. Ҳужжатни расмийлаштириш муддати - 1 кун.
Эслатиб ўтамиз, биринчи марта олийгоҳларга ҳужжат топшираётган мактаб битирувчилари ID-карта олишлари керак бўлади. Бундай ёшлар учун Самарқанд шаҳар Давлат хизматлари марказида навбатсиз хизмат кўрсатилади. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, 2021 йил 1 январдан 2011 йил намунасидаги (яшил) паспортларни бериш тўхтатилиб, ўрнига ID-карталар жорий этилган. Олийгоҳга ҳужжат топширишда нафақат ID-карта, балки муддати ўтмаган биометрик паспортдан ҳам фойдаланиш мумкин.
1 ёшгача бўлган янги туғилган чақалоққа берилган картанинг амал қилиш муддати 2 йил, 1 ёшдан 16 ёшгача бўлган болага бериладиган карта 5 йил, 16 ва ундан катта ёшдаги шахслар учун 10 йил давомида амал қилади.
Агар сиз ID-карта олмоқчи бўлсангиз биометрик паспортингиз билан қайси туманда рўйхатда туришингиздан қатъи назар ўзингизга қулай, исталган Ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларига ёки Самарқанд шаҳар ДХМга мурожаат қилишингиз лозим.
ЎзА