Бугун Самарқанд шаҳрида “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммити ўз ишини бошлади. Мазкур халқаро анжуман Марказий Осиё минтақасининг Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик алоқаларини янада юқори поғонага кўтаришда муҳим платформа бўлади.
Мазкур саммитнинг аҳамияти хусусида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Азамат Пардаев ўз муносабатини баён қилди:

— Самарқанд саммити минтақавий ва халқаро ҳамкорликнинг янги босқичга чиқиши йўлидаги муҳим тарихий қадам ҳисобланади. Саммит доирасида Марказий Осиё мамлакатлари ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, транспорт, логистика, рақамли инфратузилма, экология, миграция, хавфсизлик, таълим ва туризм соҳаларида аниқ режалар ишлаб чиқилиши, шунингдек, кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги янги битимни қабул қилиш, Транскаспий халқаро транспорт йўлагини жадал ривожлантириш, “яшил энергетика” салоҳиятини рўёбга чиқариш, таълим алмашинуви дастурларини кенгайтириш мазкур мулоқот кун тартибининг асосий масалалари сифатида кўрилмоқда.
Таъкидлаш жоиз, кейинги йилларда Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи билан икки томонлама ҳамкорлиги, жумладан, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқалари жадал ривожланиб бормоқда. Мазкур саммит бу алоқаларни изчил кенгайтириш учун кенг имкониятлар яратиш билан бирга, икки томон учун ҳам улкан истиқболлар яратишга хизмат қилади.
Ўзбекистоннинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсат юритиши, минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ташаббуслари халқаро майдонда юқори баҳоланмоқда. Саммитнинг айнан Самарқандда ўтказилиши мамлакатимизга нисбатан билдирилаётган юксак ишонч ва эътиборнинг ёрқин тасдиғи ҳисобланади.
Европа Иттифоқи Марказий Осиё давлатлари учун муҳим иқтисодий ва сиёсий ҳамкор ҳисобланади. Тадбир доирасида қабул қилиниши кутилаётган қарорлар икки томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиб, минтақа давлатлари учун янги стратегик имкониятлар яратилишига хизмат қилади.
ЎзА мухбири
Муҳтарама Комилова ёзиб олди.