Самарқанд вилоят адлия бошқармаси ва "Интеллектуал мулк маркази" давлат муассасасининг кўмаги билан “Самарқанд қоғози” географик кўрсаткич сифатида Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилди.
Самарқанд вилояти адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шуҳрат Абдуҳалимов "Конигил-Мерос" ҳунармандчилик маркази раҳбари Зариф Мухторовга географик кўрсаткич ҳужжатини топширди.
- Бир неча асрлик тарихга эга Самарқанд қоғози тут новдалари пўстига ишлов берилиб, қўл меҳнати орқали яратилади, - дейди Зариф Мухторов. - Ота-боболаримиз Конигилда, Оби Раҳмат ариғи ёқасида тегирмонлар қуниб бу иш билан шуғулланган. Биз ҳам бу анъанани давом эттирган ҳолда қадимий тегирмонни тиклаб, ушбу устахонани ташкил этдик. 2020 йилда юртимизда илк бор Конигилга туризм қишлоғи мақоми берилгач, фаолиятимизни янада кенгайтирдик. Ҳозирда қишлоғимиз Самарқанднинг асосий сайёҳлик манзилларидан бири ҳисобланади.

Самарқанд қоғозидан турли хил маҳсулотлар тайёрланади. Маҳаллий миниатюрачи рассом ва каллиграфлар, Япониядаги қадимий ёзма битиклар ва нодир асарларни қайта таъмирлашда фойдаланишади.
Яқинда “Самарқанд нўхатшўрак” таоми ҳам географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган эди.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари