Самарқанд прокуратураси тадбиркорлар учун ёрдам бот ташкил этди
Самарқанд вилояти прокуратураси тадбиркорларнинг мурожаат қилиш имкониятини кенгайтириш мақсадида @samtadbirkoryordambot телеграм ботини ишга туширди.
– Асосий мақсад – тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, 24/7 режимида прокуратурага мурожаат қилишларига шароит яратиш, – дейди Самарқанд вилояти прокуратураси бўлим бошлиғи Садриддин Самариддинов. – Шу пайтгача тадбиркор бизга мурожаат қилмоқчи бўлса, прокуратурага келиб ариза ёзиши ёки почта орқали юбориши лозим эди. Бу маълум вақт олар, тадбиркор сарсонгарчиликни ўйлаб, ариза беришга ҳафсала қилмасди. Эндиликда қаерда бўлса ҳам мазкур ботга кириб, рўйхатдан ўтган ҳолда дуч келаётган муаммосини кўрсатган ҳолда мурожаат қилиши мумкин. Ҳар бир мурожаат алоҳида рақам билан рўйхатга олинади ва тадбиркор фаолият кўрсатаётган ҳудуд прокурорига йўналтирилади ва ўз навбатида вилоят прокуратураси назоратида туради. Тадбиркор ўз мурожаати ҳолатини ҳам шу ерда кузатиб бориш, натижаси ҳақида сўраш имкониятига ҳам эга. Мурожаат қонунчиликда белгиланган муддат ичида кўриб чиқилиб, бот орқали тадбиркорга жавоб берилади.
Тадбиркор мазкур бот орқали мурожаат қилгач, у ҳақдаги маълумотлар тизим хотирасида сақланади ва кейинги гал тўғридан-тўғри кириб, дуч келаётган муаммони ёзиб қолдириши мумкин.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири