Мамлакатимиз делегациясининг АҚШга расмий ташрифи амалий учрашувларга бой бўлди.
Жумладан, Самарқанд давлат тиббиёт университети ректори Жасур Ризаев АҚШнинг Миссури штатида жойлашган Цент-Луис университети тиббиёт мактабига ташриф буюриб, таълим муассасасида яратилган шарт-шароитлар ва ўқув жараёнлари билан танишди. Шунингдек, мактаб маъмурияти билан ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш борасида келишувга эришилди.
Келишувга мувофиқ, эндиликда томонлар травматология ва ортопедияда тиббий хизматлар сифатини бошқариш тизимини яратиш соҳасида тажриба алмашади. Ҳамкорликда ўқув курслари ва маҳорат дарслари орқали мутахассислар тайёрланади ва малакаси оширилади. Тадқиқот ва маслаҳатлар ўтказиш учун мутахассислар алмашинуви йўлга қўйилади.
М.Қосимова,
ЎзА