Самарқанд – бутунжаҳон ҳунармандлар шаҳри
Самарқандда ўтказилган “Silk Road Bazar” ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазмаси доирасида шаҳарга Жаҳон ҳунармандлар кенгаши (World Crafts Council — WCC) томонидан “Бутунжаҳон ҳунармандлар шаҳри” (World Craft City) мақоми берилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Жаҳон ҳунармандлар кенгаши президенти Саад Ал-Қаддумий, Ўзбекистон “Ҳунарманд” уюшмаси раиси Расулжон Мирзааҳмедов, Самарқанд вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов сўзга чиқиб, бу мақом қадимий Буюк ипак йўлининг чорраҳаси бўлган Самарқанд ҳунармандчилигининг бир неча минг йиллик анъана ва қадриятлари эътирофи ҳамда бугунги ҳунармандлар меҳнатига берилган юксак баҳо эканлигини таъкидладилар.

– Бугунги кунда шаҳримизда бир нечта ҳунармандлар марказлари, барча бозорлар ва йирик савдо марказларида ҳунармандлар устахона ва дўконлари фаолият олиб бормоқда, – дейди Самарқанд шаҳар ҳокими Фазлиддин Умаров. – Бу меҳнат тури асосан, авлоддан-авлодга ўтиб, давом этиб келинмоқда. Шунингдек, шаҳримизда маълум бир ҳунармандлик тури ривожланган маҳаллалар бугун ҳам мавжуд ва айни пайтда уларни шу ихтисослик бўйича янада тараққий эттириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш чоралари кўрилмоқда. Самарқандга “Бутунжаҳон ҳунармандлар шаҳри” (World Craft City) мақоми берилиши энди унинг дунёвий шуҳратини янада ошириш, туризм салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади.


Таъкидлаш лозим, Ўзбекистон “Ҳунарманд” уюшмаси 2019 йилда Жаҳон ҳунармандлар кенгаши аъзолигига қабул қилинган. Бу аъзолик юртимиз ҳунармандларининг халқаро кўргазмалар, танловлар ва ҳамкорлик дастурларида иштирок этиши учун кенг имкониятлар яратмоқда. Кенгаш томонидан 2019 йилда Қўқон шаҳри, 2022 йилда Бухоро ва Марғилон, 2025 йилда Риштон, Шаҳрихон ва Шаҳрисабз шаҳарларига “Бутунжаҳон ҳунармандлар шаҳри” мақоми берилган. Самарқанд юртимиздан бу мақомга эришган еттинчи шаҳар ҳисобланади. Умуман, айни пайтда дунё бўйича 83 та шаҳар “Бутунжаҳон ҳунармандлар шаҳри” деб эътироф этилган.


“Бутунжаҳон ҳунармандлар шаҳри” мақоми туризм, инвестиция ва маҳаллий ҳунармандчилик маҳсулотларини халқаро бозорларга олиб чиқиш учун янги имкониятлар яратади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири