Самарқанд автомобиль заводида электробуслар ишлаб чиқарилади
Самарқанд шаҳридаги “SamAuto” автомобиль заводида Ўзбекистон ва Туркия компаниялари ўртасида саноат кооперациясини ривожлантириш ва маҳаллийлаштиришни кенгайтиришга бағишланган “SamAuto Supplier Day” халқаро бизнес учрашуви бўлиб ўтди.
Тадбирда икки мамлакатнинг давлат идоралари, саноат корхоналари ва ишбилармон доиралари вакилларидан иборат 150 нафардан ортиқ иштирокчи қатнашди.
Мамлакатимиз автосаноатининг дастлабки корхоналаридан бири бўлган “Самарқанд Автомобил Заводи” масъулияти чекланган жамиятининг фаолияти 1996 йилда йўлга қўйилган. Завод йилига 8800 дан ортиқ турли русумдаги автобуслар, юк автомобиллари ҳамда пикаплар ишлаб чиқаради. Ҳозирги вақтда “SamAuto” маҳсулотлари ички бозордан ташқари, тўққиз мамлакатга экспорт қилинмоқда. 2025 йил декабрь ойида корхонанинг 75,2 фоиз улуши Туркиянинг “Anadolu Isuzu” компанияси томонидан сотиб олинди. Қолган 24,8 фоиз улуш Япониянинг “Isuzu” ва “Itochu” компанияларига тегишли.

Тадбирда давлат активларини бошқариш агентлиги директори Соҳибжон Муродов, инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Хуррам Тешабоев кейинги йилларда ривожланиб бораётган Ўзбекистон – Туркия муносабатлари мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтиришга хизмат қилаётганини таъкидлади. Шунингдек, юртимиздаги хусусийлаштириш жараёнлари ва бунда хорижлик инвесторлар учун яратилган имконият ва имтиёзлар ҳақида сўз юритилди.
– Давлатларимиз ўртасидаги ўзаро ишончга асосланган муносабатларимиз туфайли савдо ҳажми йилдан-йилга ошиб, ўтган йил 3 миллиард АҚШ долларидан ошди, – деди давлат активларини бошқариш агентлиги директори Соҳибжон Муродов. – Бугунги кунда юртимизда туркиялик ишбилармонлар билан ҳамкорликда ташкил этилган 2200 дан ортиқ қўшма корхона мавжуд. Қардош давлат тадбиркорлари ва йирик компаниялар томонидан иқтисодиётимизга киритилган инвестициялар ҳажми 10 миллиард доллардан ошди. Туркиялик ҳамкорларимиз мамлакатимиздаги хусусийлаштириш жараёнларида ҳам фаол иштирок этмоқда. Улар шу пайтгача 350 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган 30 дан ортиқ давлат активларини харид қилди. Бу борада, айниқса, “Anadolu Group” билан ҳамкорлигимиз мустаҳкамланиб бормоқда. Мазкур компания юртимиз бозорига кириб келиб, давлат активларини харид қилганидан сўнг иккита ишлаб чиқариш корхонасини модернизация қилди, иккита янги завод ташкил этди. Компания “SamAuto”даги давлат активларини ҳам харид қилиб, бу ерда катта сиғимли автобус ва электробуслар ишлаб чиқариш, сервисни ривожлантириш ва экспорт қувватини ошириш лойиҳасини амалга оширмоқда.
“Anadolu Group” таркибидаги “Anadolu Isuzu” компанияси бош директори Юсуф Туғрул Арикан ўз сўзида “SamAuto”ни нафақат Ўзбекистон бозори, балки қўшни мамлакатлар эҳтиёжларини ҳам қондира оладиган йирик корхонага айлантириш мақсад қилинганини таъкидлади.
– “SamAuto” корхонасини сотиб олишга қарор қилганимизда, олдимизга узоқ муддатли ривожланиш мақсадини қўйган эдик, – дейди “Anadolu Isuzu” компанияси бош директори Юсуф Туғрул Арикан. – Ушбу режа доирасида Туркиядаги компанияларни Ўзбекистонга олиб келиш ва бу ерда сармоя киритишга рағбатлантириш вазифаси белгиланган. Чунки “Anadolu Group”нинг Марказий Осиёда, хусусан, Ўзбекистонда ҳам муҳим фаолият йўналишлари мавжуд. Ўзбекистон компаниямиз ривожида муҳим ўрин тутади. “Anadolu Isuzu” сифатида биз тижорат транспорт воситалари ишлаб чиқариш соҳасида катта тажрибага эгамиз. Туркияда юк автомобиллари, автобуслар ва пикаплар ишлаб чиқарамиз ҳамда экспорт қиламиз. Маҳсулотларимиз 45 дан ортиқ мамлакатга етказиб берилади. Туркияда ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган материалларнинг 60-70 фоизини маҳаллий бозордан харид қиламиз. Энди шундай тизимни Ўзбекистонда ҳам йўлга қўймоқчимиз. Ўзбекистон ва Туркия компаниялари ҳамкорлигида маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, шу орқали маҳаллий саноатни ривожлантириш ниятидамиз. Бугунги тадбирда Туркиядан 50 дан ортиқ корхона, шунингдек, халқаро компаниялар вакиллари ва Ўзбекистоннинг амалдаги етказиб берувчилари иштирок этмоқда. Асосий мақсадимиз ўзбекистонлик ва туркиялик етказиб берувчиларни бирлаштириш ҳамда улар ўртасида ҳамкорлик имкониятларини ўрганишдан иборат.
Юсуф Туғрул Арикан қисқа вақтда эришилган натижалардан хурсандлигини билдириб, корхонада янги моделларни ишлаб чиқариш устида иш олиб борилаётганини маълум қилди. Жумладан, юк автомобиллари ва автобуслар турини кенгайтирилади. 9,5 метрли, 12 ва 18 метрли автобус моделлари, шунингдек, сиқилган табиий газда ишлайдиган автобуслар ҳамда электробуслар ишлаб чиқарилади. Оғир юк ташишга мўлжалланган, жумладан, тиркамалар билан ишлатиладиган йирик автомобилларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Маросимда “Самарқанд Автомобил Заводи” масъулияти чекланган жамияти бош директори Несет Фатиҳ Вурал корхонанинг ишлаб чиқариш имкониятлари, Ўзбекистон автомобилсозлик саноатининг ривожланиш тенденциялари, маҳаллийлаштириш бўйича устувор йўналишлар ва потенциал етказиб берувчилар учун мавжуд имкониятлар юзасидан тақдимот қилди.
Тақдимотда келтирилган маълумотларга кўра, бугунги кунда “SamAuto” ишлаб чиқариш майдонининг умумий ҳудуди 175 минг квадрат метрни, шундан 127 минг 93 квадрат метрини ёпиқ ишлаб чиқариш ва бошқа бинолар ташкил этади. Корхона автобуслар, юк автомобиллари ва пикаплар йўналишларида 60 дан ортиқ модел ҳамда 35 дан ортиқ турдаги махсус устқурилмаларни таклиф этади. 2026 йилда корхонада уч ўқли юк автомобилининг янги модели ишлаб чиқаришга жорий этилди. 2027 йилда эса газда ишлайдиган ва электр энергиясида ҳаракатланувчи учта янги автобус моделини, шунингдек, юк автомобилларининг бешта янги моделини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган. Бундан ташқари, бозор талабларини ўрганиш асосида транспорт воситалари учун кузовларнинг учта қўшимча турини жорий этиш устида иш олиб борилмоқда.
[gallery-32042]
Тақдимотда корхона фаолиятини ривожлантириш бўйича режалар ҳам баён этилди. Хусусан, 2027 йилдан бошлаб бир сменадаги ишлаб чиқариш қувватини 15 минг донадан ортиқ даражага етказиш режалаштирилган.
Корхонанинг стратегик мақсадларидан яна бири “SamAuto”ни Марказий Осиё учун муҳим ишлаб чиқариш ва таъминот хабига айлантиришдан иборат эканлиги қайд этилди. Ушбу ёндашув минтақавий саноат кооперациясини кенгайтириш, маҳаллий етказиб берувчилар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва халқаро ишлаб чиқариш занжирларидаги иштирокни ривожлантиришга қаратилган. Келгусида экспорт географиясини Африка ва Яқин Шарқ мамлакатлари ҳисобига кенгайтириш режалаштирилган.
– Туркияда автомобилсозлик соҳасида фаолият юритувчи корхоналар ва инвесторларни Ўзбекистонга жалб этиш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ҳамда янги сармоя лойиҳаларини амалга ошириш бугунги тадбирнинг асосий мақсадларидан ҳисобланади, – дейди саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги директори ўринбосари Илҳомжон Пардаев. – Тадбир давомида инвесторларга юртимиздаги саноат зоналари, маҳаллийлаштириш соҳасидаги давлат сиёсати ва инвестициялар учун яратилган имкониятлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг давлат харидларида иштирок этиши, уларга тақдим этиладиган имтиёзлар ва рақобатбардошликни ошириш масалаларига эътибор қаратилди. Келгусида инвесторларни Ўзбекистонда ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйишга жалб этиш орқали янги корхоналар ташкил этиш, маҳаллий маҳсулотлар турини кенгайтириш ва мамлакат саноати салоҳиятини янада ошириш мақсад қилинган.

Тадбирнинг амалий қисмида иштирокчилар корхонадаги ишлаб чиқариш жараёнлари, инфратузилма ва фаолиятнинг асосий йўналишлари билан яқиндан танишди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Туркия компаниялари вакиллари ва тадбиркорлар ўртасида B2B учрашувлари ҳамда бутловчи қисмлар кўргазмаси ташкил этилди.

Иштирокчиларнинг қайд этишича, бу каби тадбирлар маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва халқаро компаниялар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш, ишлаб чиқариш талабларини аниқлаштириш ва келгусидаги ҳамкорлик учун амалий асос яратишга хизмат қилади.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари