“Саломатлик йўналишлари” дастури доирасида қандай амалий натижаларга эришилмоқда?
Тошкентда “Саломатлик йўналишлари” дастури доирасида амалий натижалар ва истиқболларга бағишланган республика семинари бўлиб ўтди.
Соҳа вакиллари, тиббиёт соҳаси мутахассислари, педагоглар ва экспертлар иштирок этган ушбу тадбирда соғлом авлодни тарбиялаш, мактаб таълими тизимида соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳамда замонавий интерактив ёндашувларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирда Тошкент давлат тиббиёт университети профессори Гули Шайхова, “Саломатлик йўналишлари” дастурининг Россия ва Евроосиё бўйича вакили Александра Макеева, Ўзбекистондаги “Nestlé” компанияси менежери Эльвира Шиҳбадинова ва бошқалар сўзга чиқиб, дастурнинг мактаб таълимидаги амалий натижалари, унинг самарадорлиги ҳамда ижтимоий аҳамияти ҳақида фикр билдирди.
Таъкидланганидек, “Саломатлик йўналишлари” дастурининг асосий мақсади ёш авлод ўртасида соғлом турмуш тарзи маданиятини шакллантириш, тўғри овқатланиш кўникмаларини ривожлантириш ва экологик билимни оширишдан иборат. Дастур Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда Ўзбекистондаги “Nestlé” компанияси ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

Ҳозирги кунда дастур Тошкент шаҳри, республикамизнинг 12 вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасидаги умумтаълим мактабларида изчил жорий этиляпти. Ҳар йили 12 мингдан ортиқ ўқувчи соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш ва экологик маданият бўйича махсус дарслар, амалий машғулотлар ва интерактив лойиҳалар асосида билим ва кўникмаларга эга бўлмоқда.
Семинарда 2025-2026 ўқув йили якунлари бўйича дастур доирасида эришилган амалий натижалар сарҳисоб қилинди. Шунингдек, уни мактаб таълими тизимида янада такомиллаштириш, интерактив усулларни кенгайтириш ва янги методикаларни жорий этиш бўйича таклифлар муҳокама этилди.
Тадбирнинг асосий қисми сифатида “Food-laboratoriya” интерактив амалиёти тақдим этилди. Ушбу ёндашув ўқувчиларга озиқ-овқат маҳсулотлари таркиби, уларнинг инсон организмига таъсири ҳамда соғлом овқатланиш тамойилларини чуқурроқ ўрганиш имконини берди. Машғулотлар давомида ўқувчилар тиббиёт йўналиши талабалари билан ҳамкорликда турли тажрибаларда иштирок этиб, назарий билимларни амалий кўникмалар билан мустаҳкамлади.

Профессор Гули Шайхова “Food-laboratoriya” амалиётининг аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, уни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.
–“Саломатлик йўналишлари” дастури ўқувчиларда онгли танлов қилиш кўникмасини шакллантиради. Энг муҳими, бу билимлар синф хонаси билан чекланиб қолмайди, балки болалар уни кундалик ҳаётда ҳам қўллай бошлайди. Айтиш керакки, биз ҳам талабалар билан биргаликда маҳсулотлар таркиби, витаминлар ва уларнинг фойдали жиҳатларини ўргандик. Бу жараён жуда самарали бўлди. Шу боис, “Food-laboratoriya”ни республика бўйлаб мактабларда кенг жорий этиш зарур, – деди у.
Дастурнинг Россия ва Евроосиё бўйича вакили Александра Макеева эса бундай халқаро мулоқотлар ҳар жиҳатдан фойдали ва самарали эканини қайд этди.
– Бугунги кунда дунё тез ўзгармоқда. Ана шундай шароитда соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва болаларда тўғри овқатланиш маданиятини ривожлантириш масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб. “Саломатлик йўналишлари” каби дастурлар айнан шу йўналишда амалий натижа бераётгани билан аҳамиятли. Бу лойиҳа фақат билим бериш эмас, балки болаларда ҳаётий кўникмаларни шакллантиришга хизмат қилади, – деди у.

Тадбир якунида педагоглар томонидан тайёрланган методик ишланмалар тақдимоти, янги ўқув йили режалари бўйича муҳокамалар ҳамда илғор тажрибалар алмашинуви ташкил этилди. Тадбир якунида фаол иштирокчилар тақдирланиб, дастурнинг кейинги босқичлари бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА