Айни кунда Тошкент шаҳри истеъмолчиларига бир суткада 1 миллион 900 минг м3дан 2 миллион 100 м3гача ичимлик суви етказиб берилмоқда. Республика бўйича эса бир суткада 4 миллион 700 минг м3 атрофида ичимлик суви етказилади. Кўриниб турибдики мамлакатимизда энг катта сув истеъмоли пойтахтимиз ҳисобига тўғри келади. Бироқ сувдан самарасиз фойдаланиш ёки уни исроф қилиш ҳолати Тошкент шаҳрида юқорилигини ҳам қайд этиш лозим ва ачинарлиси истеъмолчиларнинг сувдан қарздорлиги 200 миллиард сўмдан тушмаяпти.
Кунлар исиши билан “Салар” оқова сув тозалаш иншоотидан кўтариладиган бадбўй ҳид шу атрофдан ўтаётганларга, айниқса ҳудудга яқин маҳаллаларда яшаётганлар учун ноқулайликлар келтираётгани кўп бора айтилади. Буни ҳам чораси топилибди. Яқин йиллар ичида мазкур иншоот шаҳардан чекка ҳудудга кўчирилади. Шу ва соҳада қилинаётган ишлар хусусида Тошкент шаҳар “Сувтаъминот” АЖ матбуот хизмати раҳбари Равшан Ёқубжонов билан суҳбатлашдик.
- Айтингчи кейинги йилларда сув таъминотида нималар ўзгарди ва яна келгусида бу борада қандай ўзгаришлар қилинади? Сув исрофгарчилигининг олдини олишда қандай чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда?
- Сув мавзуси нафақат Ўзбекистонда ёки Марказий Осиёда, балки глобал миқёсда дунё аҳолисининг муҳим мавзусига айланиб улгурди. Аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, умуман чучук сув масаласи дунё жамоатчилигини ўйлантираётган масала бўлиб турибди. Буни сабаби музликларнинг эриб кетаётганлиги, океанларга қўшилиши, ёғин миқдорининг камаётганлиги дейиш мумкин. Аксарият Африка мамлакатлари, Марказий Осиё минтақаси, умуман шу иссиқ давлатлар борки сув муаммоси янаям глобаллашиб боряпти. Хусусан, Ўзбекистонда ҳам 2030 йилга бориб сув тақчил бўлган мамлакатлар қаторига қўшилиш эҳтимоли жуда юқори. Буни мутахассислар бугундан прогноз қилишяпти.
Сув масаласи кўп вақт давомида деярли эътиборсиз бўлиб келган соҳалардан дейиш мумкин. Чунки сув жуда бемалол бўлган. Ариқларимизда, каналларимизда сув бемалол оққанлиги учун олдимиздан оққан сувнинг қадри билинмаган. Бугунги кунга келиб ариқларимизда деярли сув қолмади. Нафақат чекка ҳудудларда, балки Тошкент шаҳрининг ўзида ҳам. Бир вақтлари пойтахт лотокларида сув оқарди, бу биринчидан дарахтларни суғоришга имкон берса, иккинчидан салқинликни таъминларди. Бугун ана шу сувлар йўқ, деярли. (давоми видеода)
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/1e3uGOPyjCI?si=kbo8rjUplYl83yzL" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Ёқуб Мелибоев, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА