Саҳрога сув келмоқда
Мутахассисларнинг таъкидлашича, дунё бўйича сувга бўлган эҳтиёж тобора ортиб бормоқда. Бу эса сувдан оқилона фойдаланиш, сув сарфини аниқлашни талаб этади. Айниқса, қишлоқ хўжалигида сувдан оқилона фойдаланиш ўта муҳим.
Сувдан оқилона фойдаланиш иқлим шароити мураккаб, сув ресурслари чекланган ҳудудларда фойдаланилмай ётган ерларни иқтисодий айланмага қайтариш, чорвачилик учун мустаҳкам озуқа базасини яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Конимех туманида йиллар давомида қаровсиз ётган яйловлардан унумли фойдаланиш, уларни сув билан таъминлаш, қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик учун самарали майдонларга айлантириш бўйича кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Бунинг учун “Кенгсой” канали қурилмоқда. Канал орқали қишлоқ хўжалиги айланмасидан чиқиб кетган 3 минг 800 гектар яйлов майдони яна сув билан таъминланмоқда.

Албатта, ердан самарали фойдаланиш, айниқса, Навоий вилоятидек табиий иқлим шароити мураккаб ҳудудда, аввало, сув таъминотига боғлиқ. Шу боис Конимехда ерларни ўзлаштириш ишлари сув хўжалиги инфратузилмасини ривожлантириш билан уйғун равишда олиб борилмоқда.
– Айни пайтда экин майдонларини сув билан кафолатли таъминлаш мақсадида 1,6 миллион куб метр сиғимга эга сув резервуари қурилиши жадал давом эттирилмоқда, – дейди туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Элдор Ҳазратқулов. – Бу ишлар ҳудудга сармоя ва тадбиркорлик фаолиятини жалб қилиш учун ҳам янги имкониятлар яратмоқда. Мамлакатимиздаги 8 та етакчи банк томонидан 2 минг 300 гектар майдонда истиқболли лойиҳалар шакллантирилган. 9 та маҳаллий тадбиркор ва “Агростар” МЧЖ томонидан чорва озуқаси базаси яратилмоқда. Хитойлик инвесторлар эса 500 гектар майдонда пахта етиштиришни йўлга қўймоқда.
Конимехда азалда чорвачилик ривожланган. Бу ерда чорвачилик учун мустаҳкам озуқа базасини шакллантиришга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Ўзлаштирилган 4 минг гектар лалми ерга маккажўхори экилиб, гектаридан 40 тоннадан ҳосил олиш ва умумий ҳисобда 124 минг тонна силос тайёрлаш режалаштирилган. Бу эса чорвачилик тармоғининг барқарор озуқа таъминотини таъминлашда муҳим омил бўлади.

Ҳудудда 15 минг бош майда шохли ва 5 минг бош йирик шохли молни парваришлашга мўлжалланган йирик мажмуа ҳам барпо этилмоқда. Мазкур лойиҳа чорвачиликни замонавий асосда ташкил этиш, мол бош сонини кўпайтириш билан бирга, маҳсулдорликни ошириш, сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш ва янги иш ўринларини яратишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Ҳозирда 30 га яқин оғир техника ва 100 га яқин ишчи ерларни ўзлаштириш, инфратузилма объектларини барпо этиш ҳамда янги экин майдонларини тайёрлаш ишларига жалб этилган.

Энг муҳими, йиллар давомида қаровсиз ётган ерларга бугун инвестиция ва сув билан бирга янги ҳаёт кириб келмоқда. “Кенгсой” канали орқали сув билан таъминланаётган 3 минг 800 гектар яйлов, ўзлаштирилаётган 4 минг гектар лалми ер, ташкил этилаётган озуқа базаси ва барпо этилаётган йирик чорвачилик мажмуаси ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири