Аввал хабар берганимиздек, бугун Татаристон Республикаси Раиси Рустам Минниханов Сурхондарё вилоятига ташриф буюрди.
Сурхондарё вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов ва Татаристон Республикаси Раиси Рустам Минниханов иштирокида икки ҳудуд делегацияларининг кенгайтирилган таркибдаги музокаралари бўлиб ўтди.
Учрашув аввалида Улуғбек Қосимов ва Рустам Минниханов муборак Рамазон ойи билан барчани самимий табриклади. Меҳмон кўрсатилган ҳурмат-иззат учун Сурхондарё вилояти раҳбарига чуқур миннатдорлик билдириб, қадимий ҳудуднинг бой тарихидан катта таассурот олганини алоҳида таъкидлади.
Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов воҳанинг иқтисодий-ижтимоий, инвестицивий жозибадорлиги ҳусусида атрофлича маълумот бериб, икки томонлама ўзаро манфаатли қатор таклифларни илгари сурди. Нефть маҳсулотларини қайта ишлаш, транспорт-логистика, қишлоқ хўжалиги, инновацион технологиялар, чорвачилик, таълим каби соҳаларда ҳамкорлик истиқболлари белгилаб олинди.
Сурхондарё вилояти ва Татаристон Республикасининг ўзаро ҳамкорлик, дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш учун ҳудудларнинг маданият кунларини ташкил этиш, байрамларда делегациялар иштирокини таъминлаш юзасидан келишувларга эришилди.
[gallery-16626]
Учрашув якунида икки ҳудуд раҳбарлари музокоралар якунига оид тегишли баённомаларни имзолади.
Шу ерда воҳа маданияти, миллий қадрият ва урф-одатлари, миллий таомлари акс этган кўргазма намойиш этилди.
Меҳмонлар “Термиз” халқаро савдо марказида ҳам бўлди. Марказда амалга оширилаётган йирик лойиҳалар, яратилаётган қулайлик ва имкониятлар тақдимоти ўтказилди. Термиздан Афғонистонга юк ўтказиладиган махсус йўлак билан танишилди. “Termez National Carpets” масъулияти чекланган жамиятининг гилам ишлаб чиқариш корхонаси, “Лето” масъулияти чекланган жамиятининг иссиқхона ташкил этиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш лойиҳаси, Ангор туманидаги Баҳор маҳалласида аҳолининг томорқа хўжалигини бошқариш тажрибаси меҳмонда катта қизиқиш уйғотди.
Татаристон Республикаси Раиси Рустам Минниханов Сурхондарёга сафарининг охирида минтақамизда ягона¬ Термиз археология музейида сақланаётган воҳанинг бой ўтмишига оид экспонатлар билан танишди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири