Рубио: Европа кўп йиллик уйқудан уйғониши мумкин
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Афинадаги тарихий Пникс тепалигида сўзлаган нутқида Европа кўп йиллик уйқусидан уйғониши мумкинлигини айтди.
Болгариянинг ВТА ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, Рубио фикрини қитъада мудофаа харажати ошиши билан боғлаб, Грецияни мисол сифатида келтирган.
– Греция шу ўзгариш марказига айланди, – деди у.
Нотиқ Грецияни “насронийлик намунаси” дея таърифлаб, Европани ушбу мамлакатдан ўрнак олишга чақирди.
Сиёсатчи фикрича, навбатдаги ўн йилликда кейинги аср тарихи ёзилади. “Ғарб ҳозирги мавқеини сақлаб қоладими ёки таназзулга юз тутган дунёга таслим бўладими? саволи ҳам ўртага ташланди.
Унинг сўзларига кўра, Президент Дональд Трамп даврида АҚШ ўз иқтисодиётини қайта саноатлаштириш, янги ривожланиш даражасига эришиш ва ҳатто яна америкалик астронавтларни Ойга юборишга қарор қилган.
Шунингдек, Ғарб цивилизацияси бурилиш нуқтасида тургани, минтақага таҳдид солаётган хавф-хатар яққол сезилаётгани таъкидланди. Яъни, АҚШ ва Европа бирга ривожланиши ва ўз қарашини ҳимоя қилиш имконини берадиган руҳиятни қайта кашф этиши керак.
Рубио нутқининг асосий қисми қадим Юнонистон меросининг Ғарб цивилизациясига таъсирига бағишланди. Акрополь ғарбий қисмидаги тарихий тепалик – Пиниксда қадимда Афина халқи йиғилган.
Маҳаллий оммавий ахборот воситалари ёзишича, Грецияда демократия ривожланиши билан чамбарчас боғлиқ бу жой Америка давлат котиби маърузасига рамзий маъно бахш этган.
Шундан сўнг Рубио мамлакат Бош вазири Кириакос Мицотакис билан учрашиш учун “Максиму” ҳукумат саройига йўл олган.
А. Маматов, ЎзА