Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Россиянинг етакчи банклари SWIFTдан ўчирилгандан кейин Ўзбекистон банкларида қандай муаммолар вужудга келди? – Марказий банк раиси жавоб берди

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Мамаризо Нурмуратов Ўзбекистонда инфляция даражаси, ташқи иқтисодий шароитларда юзага келган хатарлар ва иқтисодиётдаги ўзгаришлар ва уларнинг мамлакатимиз иқтисодиётига таъсири бўйича маълумот берди.

– Бугун Ўзбекистонда инфляция даражаси қанчалик барқарор? Ташқи геосиёсий вазиятнинг Ўзбекистондаги инфляцияга таъсири қандай бўлмоқда?

– Маълумки, охирги йилларда Ўзбекистонда инфляция даражаси пасаювчи динамикага эга бўлди. Хусусан, 2021 йил якуни бўйича инфляция даражаси 10 фоизгача пасайган бўлса, жорий йил март ойи якунида йиллик 10,5 фоизга тенг бўлди. Марказий банк пул-кредит сиёсатини инфляцион таргетлаш режимига ўтказиш доирасида инфляция даражасини 2023 йил якунига қадар 5 фоизгача пасайтиришни белгилаган эди.

Бугунги жаҳон бозорида озиқ-овқат товарлари, энергия ресурслари ва хомашёлар нархининг қимматлашиши импорт инфляцияси орқали бизга ҳам ўз таъсирини ўтказади, албатта.

Шуни айтиш жоиз, йил бошида амалга оширилган макроиқтисодий прогнозларда йил якуни бўйича инфляциянинг 8-9 фоизгача пасайиши кутилган эди. Бироқ, юзага келган ташқи хатарлар ва ноаниқликлар фонида Марказий банк инфляция даражасининг 12-14 фоизгача тезлашиши мумкинлигини ҳамда 2023-2024 йилларда бир маромда пасайиб боришини прогноз қилмоқда.

Бундай шароитда Марказий банк иқтисодиётда қатъий пул-кредит шароитларини таъминлаш орқали монетар омилларнинг инфляция даражасига таъсирини минималлаштириш ва ўрта муддатли истиқболда (2023 йилнинг охири ва 2024 йилнинг биринчи ярмида) инфляцияни ўзининг мақсадли кўрсаткичига (5 фоизлик таргетига) қадар пасайтиришга асосий эътиборни қаратади.

– Марказий банк ташқи омилларни ҳисобга олиб сўм курсининг кескин девальвация бўлишини олдини олиш бўйича қандай чора-тадбирларни амалга оширмоқчи?

– Марказий банк миллий валюта алмашув курси прогнозини амалга оширмайди. Сўмнинг алмашув курси ички валюта бозоридаги талаб ва таклиф асосида шаклланиб боради.

Жорий йилнинг дастлабки чорагида, айниқса, март ойининг биринчи ярмида ташқи хатарлар таъсирида иқтисодиёт субъектларининг девальвацион кутилмаларининг ортиши ҳисобига миллий валюта алмашув курси 5 фоиз атрофида қадрсизланди ва қарийб барча қисқа муддатли ўзгаришларни (шокларни) қамраб олди.

Марказий банк алмашув курсининг кескин тебранишларини олдини олиш ва бозорнинг барқарор фаолиятини таъминлаш мақсадида “олтин-валюталари нейтраллиги тамойили” доирасида ички валюта бозорида интервенцияларни амалга ошириб боради. Бунда, Марказий банк алмашув курсининг фундаментал трендига таъсир этмайди ва валюта курси ташқи шокларга мослашган ҳолда шаклланиб боради.

Умуман олганда, инфляцион таргетлаш режими доирасида (назарий жиҳатдан ҳам, халқаро тажриба бўйича ҳам) ўрта ва узоқ муддатли истиқболда мамлакатда инфляция даражасининг пасайиб бориши ҳисобига алмашув курси қадрсизланиши ҳам секинлашиб боради.

– Агар асосий ставка ўзгаришсиз қолса, йилнинг қайси давригача ставкани тушириш мумкин? Бу борада Марказий банкнинг режалари қандай?

– Марказий банк бошқарувининг бугунги йиғилиши қарори билан асосий ставка йиллик 17 фоиз даражасида ўзгаришсиз сақлаб қолинди. 2022 йил якунига қадар яна 5 маротаба кўриб чиқиш режалаштирилган бўлиб, навбатдаги бошқарув йиғилиши 9 июнь санасига белгиланган.

Келгуси бошқарув йиғилишларида жорий ташқи геосиёсий вазиятнинг қандай ривожланиши, ташқи ва ички иқтисодий шароитлардаги ўзгаришлар, инфляция динамикаси ва унинг прогнози, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмаларидан келиб чиқиб асосий ставка бўйича қарорлар қабул қилинади.

– Сўнгги йилларда Ўзбекистон Россия Федерациясидан катта миқдорда кредит ресурсларини жалб қилди. Бу банклар йирик иқтисодий лойиҳаларни молиялаштириши лозимлигини ҳисобга олсак, Ўзбекистон санкциялар туфайли бу маблағлардан маҳрум бўлиши хавфи борми?

– Тижорат банкларининг хорижий банклар олдидаги жами мажбуриятлари таркибида қаттиқ санкцияларга тушган банклардан жалб қилинган молиявий ресурслар улуши юқори эмас.

Таъкидлаш жоизки, маҳаллий банклар томонидан қатъий санкцияга тушган банклардан жалб қилинган мажбуриятларини ўз вақтида ва иккиламчи санкциялар хавфини яратмасдан қайтариш бўйича халқаро юридик консалтинг компаниялари жалб қилинган.

Ҳар бир транзакция юридик компаниялар хулосаси асосида амалга ошириш чоралари кўрилди. Бу, ўз навбатида, келгусида йирик иқтисодий лойиҳаларни узлуксиз молиялаштириш мақсадида халқаро молия бозорларидан муаммосиз ресурслар жалб этиш имкониятини яратмоқда.

– Россия банклари билан халқаро ҳисоб-китоблар қандай амалга оширилмоқда? Россиянинг етакчи банклари SWIFTдан ўчирилгандан кейин бизнинг банкларимизда қандай муаммолар вужудга келди ва улар қандай ҳал қилинади?

– Таъкидлаш жоизки бугунги кунда тижорат банклари томонидан,  мижозларининг Россия ва Беларусь давлатларида рўйхатдан ўтган хорижий ҳамкорлар билан тузилган барча экспорт-импорт шартномалари инвентаризациядан ўтказилмоқда.

Шунингдек, хорижий ҳамкорлар билан ташқи савдо амалиётларни ўтказишда тижорат банклари томонидан санкциялар рўйхати доимий равишда янгиланиб, ўз мижозларига қатъий санкцияларга тушмаган ҳамкорлар ва банклар билан молиявий муносабатларни амалга ошириш бўйича тавсиялар бериб келинмоқда.

– Халқаро тўлов тизимлари Россияда фаолиятини тўхтатиши билан у ердан республикамизга пул ўтказишда қандай муаммолар вужудга келди ва улар қандай ҳал қилинади?

– Март ойининг биринчи ярмида вазиятдан келиб чиққан ҳолда айрим халқаро пул ўтказмалари операторлари фаолиятида вақтинчалик узилишлар ёки тўхталишлар кузатилган эди. Ушбу тўхталишларга ўша пайтда вужудга келган ноаниқликлар сабаб бўлган.

Қайд этиш лозимки, Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказмаларини амалга оширувчи кўплаб тизимлар йўлга қўйилган бўлиб, баъзи тизимларда узилишлар вужудга келганда уларнинг бошқа муқобилидан фойдаланиш имконияти мавжуд.

 

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА