Россия Федерациясининг “Меҳрибонлик уйи”да тарбияланаётган Бухоро тумани “Кулонхона” маҳалла фуқаролар йиғини “Жизманди” қишлоғида яшовчи Шомурод Баракаевнинг 5 нафар фарзандлари Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлиги томонидан Ўзбекистонга олиб келинди.
Гап шундаки, Шомурод Баракаев бундан бир неча йиллар олдин ишлаш мақсадида Россия Федерациясига боради. Россия Федерацияси фуқароси Оксана Кузнецова билан турмуш қуради. Оилада 5 нафар фарзанд туғилади. Шундан сўнг Шомурод Бакаев Ўзбекистонга депортация қилинганлиги сабабли келиб, Россия Федерациясига кириш тақиқига тушиб қолади. Болаларнинг онаси Оксана Кузнецова эса 5 нафар фарзандини “Меҳрибонлик уйи”га топшириб, оналик ҳуқуқидан маҳрум этилади.
Вояга етмаганларни Ўзбекистон ҳудудига олиб келиш учун кўмак сўраган отага ҳукумат томонидан ёрдам кўрсатилди.
Маҳаллий ҳокимликлар, Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси томонидан ушбу оилага озиқ-овқат маҳсулотлари, болалар учун ётоқ мебеллари ва бошқа зарур жиҳозлар тақдим этилди.
Зариф Комилов, ЎзА