Япония ташқи ишлар вазири Такэси Ивая матбуот анжуманида билдирган фикрларидан “РИА Новости” қуйидаги иқтибосни келтирган:
– Россия Президенти Владимир Путиннинг Япония билан муносабат ҳақидаги баёноти “бироз ижобий”, бироқ Украинадаги вазият ўзгармагунча, мамлакатимиз G7 давлатлари билан бирга РФга нисбатан кескин санкция қўллашда давом этади. Ўзаро муносабатда бошқа мураккаб муаммолар ҳам мавжуд. Шу боис, аввало, келишиб олишимиз зарур, чунки Россия қўшни давлат. Умуман, ташқи сиёсатда биз миллий манфаатдан келиб чиқишда давом этамиз.
РФ етакчиси аввалроқ Валдай клуби йиғилишида Россия Япония билан яқин 5 йилда ҳам, кейинги 50 йилда ҳам муносабат ўрнатишга тайёрлигини маълум қилган ва иккинчи томонни хулоса чиқариб, йўлидан қайтишга чақириб, жумладан, шундай деган:
– Россия Японияга ҳеч қандай ёмонликни раво кўрмаган ва бундан кейин ҳам таҳдид қилмайди. Биз ушбу шарқ мамлакати билан ҳамкорликни тиклашга тайёрмиз. Кун чиқар юртда, айниқса, энергетика соҳасида Москва билан шерикликни давом эттираётган ақлли одамлар бор. РФ Япония билан муносабатни ёмонлаштирмади. Аксинча музокара олиб борди ва тинчлик шартномаси ҳақидаги қийин саволга жавоб топишга ҳаракат қилди.
Бу икки давлат муносабати кўп йил давомида тинчлик шартномаси йўқлиги туфайли хиралашган. 1956 йил СССР ва Япония имзолаган Қўшма декларацияда Москва тинчлик шартномаси тузилгандан кейин Хабомаи ва Шикотанни Японияга ўтказиш имкониятини кўриб чиқишга келишилган. Собиқ совет мамлакати мазкур ҳужжат низога чек қўяди, деб умид қилган. Рақиб томон эса барча оролларга даъводан воз кечмай, битимга муаммони ҳал қилишнинг фақат бир қисми сифатида қаради.
Япония Украинадаги вазият туфайли Россияга қарши бир неча санкция тўпламини қабул қилгач, РФ Ташқи ишлар вазирлиги 2022 йил 21 март куни Москва Токионинг нодўстона қадамига жавоб сифатида ушбу давлат билан тинчлик шартномаси бўйича музокара олиб боришдан бош тортгани ва виза тўхтатилганини эълон қилди.
Мусулмон Зиё, ЎзА