Россия – Украина низоси: музокара эшиги яна очиляпти, аммо ракета ва дрон тингани йўқ
Ўтган ҳафта Россия – Украина низосида бир-бирига терс икки жараён ёнма-ён кечди. Вашингтон Москва ва Киев музокарасини қайта ҳаракатлантиришга уринди.
АҚШ вакиллари низоли давлатларга борди. Дональд Трамп Владимир Путин билан қўнғироқлашди, Кремль эса уч томонлама музокарани тиклаш имкониятини очиқ қолдирди. Афсуски, дипломатик канал очилса-да, фронтда сукут ўрнатилмади. Киевга ракета ва дрон зарбаси яна кучайди, Украина эса Россиянинг Қора денгиз соҳили ва бошқа ҳудудларидаги объектларга узоқ масофали дрон билан ҳужум қилди. Натижада таҳлилчиларнинг асосий саволи “Музокара бошланадими?”дан, “Томонлар мулоқот даврасига қандай ёндашув билан келади?”га айланмоқда.
Вашингтон музокара йўлагини қайта очишга уриняпти
АҚШ махсус вакили Стив Уиткофф ва Жаред Кушнернинг Москва ва Киевга ташрифи музокара жараёнидаги асосий воқеага айланди. Улар аввал Владимир Путин, кейин Владимир Зеленский билан учрашди. Киев суҳбатдан сўнг тинчлик бўйича муносиб ғоялар таклиф этилганини билдирди. Шунингдек, кейинги музокара аниқ натижа бериши кераклигини таъкидлади.

Москва ҳам мулоқот эшигини ёпмади. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Россия, АҚШ ва Украина иштирокидаги уч томонлама музокарани қайта бошлаш бўйича умумий сиёсий ирода борлигини тан олди. Таъкидланишича, учрашув яқин истиқболда тикланиши мумкин. Москва эҳтимолий музокара учун майдон масаласи кейинроқ ҳал этилиши, қатор давлатлар учрашувга мезбонлик қилишга тайёрлигини билдирди.

Таҳлилчилар яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратган. Москва музокарага тайёрлигини билдирган эса-да, ўз талаби юмшатилгани ҳақида белги бермади. Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров можаронинг илдиз сабабини ҳисобга олиш лозимлигини қайд этди. Яъни, Москва Украина НАТОга қўшилмаслиги ва фронтда шаклланган воқеликлар инобатга олиниши масаласини муҳим деб биляпти. Демак, бу босқични тўлақонли тинчлик музокараси бошланиши, деб аташга ҳали эрта. Ҳозирча гап мулоқотга қайтиш учун сиёсий йўлакни қайта ишга тушириш ҳақида кетяпти.
Вашингтон ва Москва мулоқоти давом этади
9 сентябрь куни Трамп Путин билан телефон орқали суҳбатлашганини айтаркан, РФ раҳбари Украина бўйича келишувга эришиш истагидалигини таъкидлади. Унинг талқинига кўра, Путин ҳам, Зеленский ҳам келишувга тайёр бўлса, урушни якунлаш имкони пайдо бўлади. Бинобарин, АҚШ, Европа ва Украина разведка доираларида Путин урушни тугатишга тайёрлиги борасида шубҳа бор.
Кремль суҳбатни ижобий баҳолади. Путин ва Трамп Украина бўйича сиёсий ечим излашда давом этишга келишган. Шунингдек, Москва уч томонлама мулоқот қайта бошланишидан ҳамон умидвор. Фақат Кремль ҳозирча тайёр йўл харитаси мавжуд эмаслигини ҳам очиқ айтди.
Дипломатик ҳаракат кучайган бир пайт Россиянинг Украинага зарбалари яна авж олди. 5 сентябрдан кейин, АҚШ вакиллари Киевга келганда пойтахтга зарба бўйича қисқа танаффус кузатилди. Афсуски, 8 сентябрь куни Уиткофф ва Кушнер кетгандан кейин Россия яна баллистик ва қанотли ракета ҳамда дрон билан зарба йўллади. Украина маълумотига кўра, Киевда беш киши ҳалок бўлган, 35 киши яраланган, мактаб, клиника ва ётоқхона – камида 14 бино зарар кўрган.

Украина ҳаво кучлари қанотли ракетанинг аксари тутиб қолингани, аммо баллистик ракеталарни уриб тушириш анча мураккаб эканини билдирган. Шу боис Киев Ғарбдан ракетага қарши мудофаа воситаси ва интерсептор етказиб берилишини тезлаштиришни сўрамоқда.
Москва эса зарбани ҳарбий мақсад билан боғлайди. РФ Мудофаа вазирлиги Киев ва пойтахт вилоятидаги мудофаа саноати корхоналари, дрон ва қанотли ракетани ишлаб чиқариш ҳамда сақлаш объектлари, ҳарбий юкни тақсимлаш маркази нишонга олинганини билдирди. Қора денгиз портида ҳарбий юкни тушириш учун фойдаланилаётган инфратузилма ва ёнилғи ташувчи кема ҳам зарба объекти қаторида қайд этилди.
Россия ҳудуди ҳам узоқ масофали дрон зарбасидан ҳимояланаётгани йўқ
Киев ҳам зарба географиясини Россия ҳудудига чуқурроқ олиб киришга уринмоқда. Новороссийск ҳужуми бунга яққол мисол. РФ Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, 8 сентябрь кечаси ва 9 сентябрь эрталаб Россия ҳудуди ҳамда Қора денгиз устида 596 Украина дрони уриб туширилган. Краснодар ўлкаси губернатори Вениамин Кондратьев Новороссийск энг кўп нишонга олинган шаҳар экани, ҳужум оқибатида тўрт киши, бир бола ҳалок бўлгани ва 29 киши яраланганини маълум қилди.

Украина томони узоқ масофали ҳужумларни Россиянинг ҳарбий-саноат, энергетика ва логистика салоҳиятига босим ўтказиш воситаси сифатида кўрмоқда. “Reuters” маълумотига кўра, Киев сўнгги ойларда рус нефти объектлари ва бошқа инфратузилмага зарбани тизимли равишда кучайтирган.
Украина ҳаво мудофааси яна асосий масалага айланди
Киевга берилган сўнгги зарба Ғарб учун ҳам ҳаво мудофаасини яна кун тартибига олиб чиқди. Германия Киевга қўшимча “Patriot” ракетаси етказиб берилишини маълум қилди. Берлин Россия қиш мавсумида Украина энергетика инфратузилмасига қарши зарбани яна кучайтиришидан хавотир билдирмоқда. Муаммо энди фақат ҳаво мудофааси тизимида эмас, балки ҳар бир тизим учун зарур интерсептор ракета захираси ҳам чекланган. Шу боис Киев бир вақтнинг ўзида ҳам мавжуд тизимни сақлаб қолиш, ҳам янги воситалар олишга ҳаракат қиляпти.
Москва эса Ғарбнинг янги ҳарбий ёрдамини низони узайтирувчи омил сифатида баҳолаган. Кремль ёрдамни тўхтатиш Россия ва АҚШ ўртасидаги дипломатик жараённи тезлаштиради, деган қарашни илгари сурмоқда. Путин ёрдам масаласини Трамп билан муҳокама қилгани ҳақида Президент ёрдамчиси Юрий Ушаков маълум қилди.

Умуман, Европа учун уруш энди фақат Украина чегарасидаги масаладан кўра кенгроқ аҳамият касб эта бошлади. Ҳафта воқеалари низо атрофидаги хавфсизлик муҳити ҳам Украина ҳудудидан ташқарига таъсир қилаётганини кўрсатди. 9 сентябрь куни Молдова Украинага зарба оқибатида икки киши ҳалок бўлганини маълум қилди. Шунингдек, Россия дрони Молдова ҳаво ҳудудига кирган, яна бири Руминия томонга ўтган. Президент Зеленскийнинг Норвегияга учиши ҳам дрон хавфи сабаб кечиктирилди. Норвегия Бош вазири эса Зеленский самолёти Норвегияга учиш олдидан дронга жуда яқин келганини айтди.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА