Россия Федерацияси Президенти билан телефон орқали мулоқот тўғрисида
2016 йил 7 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев билан Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.
2016 йил 7 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев билан Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.Ўзбекистон раҳбари Россия Президентини таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга сиҳат-саломатлик ва давлат раҳбари сифатидаги серқирра фаолиятига муваффақиятлар, Россия халқига тинчлик-хотиржамлик ва фаровонлик тилади.
Ўзбекистонда Владимир Путиннинг мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантиришга қўшаётган шахсий ҳиссаси юксак қадрланади.
Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш бўйича турли даражада Ўзбекистон – Россия мулоқотлари фаоллашаётганини мамнуният билан таъкидладилар.
Ўзбекистон ва Россия раҳбарлари ўзаро ҳамкорликка доир бошқа қатор масалалар ва айрим халқаро муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.