Россия Федерацияси таълим вазири Ўзбекистон мактабгача таълим тизими билан танишди
Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазири А.Шин, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Б.Саидов ҳамда Россия Федерацияси таълим вазири С.Кравцов ўртасида ҳамкорлик учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар бери.
Учрашувда мактабгача таълим ва халқ таълими соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳамда «Малыш» («Миттивой»), «Команда педагогов под ключ» и «Класс!» («Зўр!») қўшма лойиҳаларини амалга ошириш билан боғлиқ кенг кўламли масалалар муҳокама қилинди.
Шу нуқтаи назардан, амалга оширилаётган лойиҳалар учун таянч платформа вазифасини бажарувчи А.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университетининг Тошкент шаҳридаги филиали фаолиятини фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилди.
Россия делегацияси раҳбари Россия Ўзбекистон Республикаси билан икки томонлама ҳамкорликнинг турли йўналишларида ўзаро манфаатли шерикликни ҳамда кўп томонлама ҳамкорлик, жумладан, мактабгача таълим соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишга интилаётганини алоҳида таъкидлади.

Россия Федерацияси Таълим вазирлиги вакилларининг алоҳида эътибори Ўзбекистон Республикасининг мактабгача таълим соҳасидаги илғор ташаббуслари ва инновацион ғояларини ўрганиш бўйича янги алоқа нуқталарини излашга қаратилди.
Музокаралар доирасида С.Кравцов жорий йилнинг 14-16 ноябрь кунлари ЮНЕСКО шафелигида Тошкент шаҳрида “Эрта ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш бўйича II Бутунжаҳон конференцияси”га ҳам катта қизиқиш билдирди. Россия томони бўлажак халқаро форумда энг фаол иштирок этишини ва ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишини таъкидлади.

Шунингдек, Россия делегацияси аъзолари Тошкент шаҳридаги 5-сонли умумтаълим мактаби, Тошкент шаҳридаги 559-сонли мактабгача таълим ташкилоти, Тошкент шаҳридаги А.И.Герцен номидаги университет филиали ҳамда филиалнинг бўлажак кампуси жойлашган жойда бўлди.
Музокаралар натижасида томонлар миллий тизимни ривожлантиришда биргаликдаги ишларни давом эттириш тўғрисида келишувга эришилди.
М.Қосимова,
ЎзА