Россия Афғонистонга дон, дори-дармон ва ускуна етказиб беради
Россия компаниялари Афғонистонга дон, ун, дори-дармон ва энергетика ускуналари етказиб бериш бўйича йирик шартномалар имзолади.
Бу ҳақда Россия Бош вазири ўринбосари Алексей Оверчук Кобулга ташрифи якуни бўйича маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, келишувлар фармацевтика маҳсулоти, тиббий буюм, озиқ-овқат ва энергетика ускуналарини қамраб олган.
Ташриф давомида икки мамлакат ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдосини кенгайтириш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, Россия Афғонистонга маҳсулот етказиб бериш билан бирга Афғонистондан мева ва сабзавот импорт қилишни ҳам режалаштирган. Айни пайт Россия бозорида афғон маҳсулотлари тури кўпаймоқда. Шунингдек, томонлар Афғонистон энергетика тизимини такомиллаштириш, транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш бўйича ҳам ҳамкорлик қилиш масаласини кўриб чиққан. Россия Марказий Осиёда тинчлик ва фаровонликни таъминлаш йўлида ҳамкорликка тайёрлигини билдирган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА