
Айни вақтда пойтахтимизда “Гидроэнергетика. Марказий Осиё ва Каспий” бешинчи халқаро анжумани ва кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.
Ўтган йилларда мазкур йирик конгресс Қирғизистон, Грузия ҳамда Россияда ўтказилган бўлиб, бу йил юртимиз илк бор мезбонлик қилмоқда.
Ушбу анжуман минтақалардаги гидроэнергетика соҳасининг ривожланиши ва тараққий этиши, гидроэнергетик иншоотларнинг қурилиши, модернизацияси, муаммо ва истиқболлари бўйича ўзига хос ўзаро тажриба алмашиш, ҳамкорлик ва мулоқот майдончасига айланмоқда.
–Дунё гидроэнергетиклари айни вақтда Ўзбекистонда йиғилди, – дейди Тожикистондаги Роғун ГЭС директорининг техника ишлари бўйича ўринбосари Мурод Саъдуллаев. – Айни вақтда Ўзбекистон гидростанциялар ва микро ГЭСлар қуриш борасида биринчилар қаторида деб бемалол айтиш мумкин. Қардош халқ сифатида ўртамизда дўстона муносабатлар ва ўзаро ҳамкорлик кенгайиб бормоқда. Бизнинг ГЭСимизнинг лойиҳаси ҳам Тошкентда лойиҳалаш институтида тайёрланган бўлиб, 1980 йилларда давлат экспертизасидан энг яхши лойиҳа сифатида ўтказилган. Ҳозир Роғун Вахш дарёсидаги энг катта гидроэлектростанция ҳисобланади.
Унинг қуввати 3 минг 600 МВтни ташкил қилади ва олти агрегатдан иборат. Бунда ҳар бир агрегат 600 МВт қувватга эга бўлади. Мазкур олти агрегат тўла ишга туширилгандан сўнг йилига 17 миллиард киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти яратилади. Ҳозирча эса иккита агрегат ишлаб турибди. Келгусида биз ҳамкорликда ГЭС қуришга ҳам тайёрмиз. Зеро, Ўзбекистон Президенти Тожикистонга қилган сафарида бизнинг Президентимиз Эмомали Раҳмон билан музокаралар якунлари бўйича иккита ГЭСни биргаликда қуришга келишган эдилар. Унга кўра, Зарафшон дарёсининг Тожикистон ҳудудидаги қисмида 320 мегаваттдан ортиқ қувватга эга бўлган гидро электр станциялар қурилиши режалаштирилмоқда.
Анжуманда Марказий Осиё ва Каспий минтақалари вакиллари – Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Эрон, Арманистон, Россия, Грузия, Туркия давлатлари вакиллари иштирок этмоқда.
–Биз мана шундай йирик анжуман сабабли Марказий Осиё минтақасига, Ўзбекистонга биринчи марта келдик, –дейди Канаданинг “Nero Delta” компанияси бош директори Олег Булдаков.– Бутун дунёда энергетика тизими юксалишда давом этмоқда, унга бўлган талаб ҳам ортиб бормоқда. Энергия сарфини иқтисод қилишни рағбатлантиришга қаратилган замонавий технологиялар кенг миқёсда жорий этилмоқда. Хусусан, қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланишга эътибор қаратилмоқда.Бугунги халқаро тадбир доирасида эса биз турли давлатлардан келган ҳамкасбларимиз, инженер ва мутахассислар билан танишиш ва ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишни мақсад қилганмиз. Бу борада эса Ўзбекистонда қилинаётган ишларга ҳавасимиз келади.
“Ўзбекгидроэнерго” қураётган янги ГЭСлар келгусида электр энергияси етказиб беришда муносиб ҳисса қўшиши, шубҳасиз. Зеро, замонавий технологиялар ва модернизация юмушлари вақти келиб иқтисоднинг юксалтириши аниқ.
“Гидроэнергетика. Марказий Осиё ва Каспий” бешинчи халқаро анжумани давом этмоқда.
Сайёра Шоева, ЎзА