Роботлар жанги: ҳарбий хизматчиларнинг техник маҳорати синовдан ўтди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Шарқий ҳарбий округнинг Фарғона гарнизонидаги ҳарбий қисмлардан бирида ҳарбий хизматчилар ўртасида замонавий технологияларга қизиқишни ошириш, муҳандислик ва техник кўникмаларни ривожлантириш ҳамда жамоавий ишлаш қобилиятини мустаҳкамлаш мақсадида «Роботлар жанги» мусобақаси ўтказилди.
Баҳсларда иштирокчилар томонидан мустақил равишда яратилган ва масофадан бошқариладиган роботлар ўзаро куч синашди. Мусобақа давомида роботларни лойиҳалаш ва бошқариш, уларнинг техник имкониятларидан самарали фойдаланиш, шунингдек, вазиятга қараб тезкор қарор қабул қилиш бўйича иштирокчиларнинг маҳорати намоён бўлди.
[gallery-31031]
Беллашувлар саралаш, ярим финал ва финал босқичларида ташкил этилди. Унда механик, пневматик ва электр тизимлари билан жиҳозланган роботлар иштирок этди.
Мусобақа нафақат иштирокчиларнинг техник салоҳиятини синовдан ўтказди, балки уларнинг ижодий фикрлаши, муҳандислик ёндашуви ва жамоа бўлиб ишлаш кўникмаларини ҳам намоён этиш учун имконият яратди.
Робототехникага оид бундай беллашувлар ҳарбий хизматчиларнинг замонавий технологиялар билан ишлаш кўникмаларини мустаҳкамлаш, техник тафаккурини ривожлантириш ва инновацион ечимларга қизиқишини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Шарқий ҳарбий округга қарашли ҳарбий қисмларда «Роботлар жанги» робототехника танловининг алоҳида йўналиши сифатида мунтазам ўтказиб келинаётгани ҳам мазкур йўналишга эътибор ортиб бораётганини кўрсатади.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА