Фарғона вилояти Риштон туманидаги “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида сувсиз, тошлоқ ҳудудда жойлашган плантацияда 35 гектар ҳудудда писта кўчатлари ўтқазиш ишлари амалга оширилмоқда.
Келгуси йилда барпо этилаётган пистазор ҳудуди 200 гектардан ошиши кўзда тутилмоқда.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров тадбиркор Қодиржон Қосимов томонидан барпо этилаётган мазкур Эрон хандон пистаси плантацияси билан танишди.
Тадбиркор билан мулоқот давомида хандон пистани замонавий етиштириш технологиялари ҳамда пистазорлар барпо этиш учун лозим бўлган ер ва иқлим шароитлари, кўчат етиштиришнинг янги усуллари муҳокама қилинди.
Ташкил этилаётан пистазорларда вертикал суғориш қудуқларини (скважинани) бурғулаш ва ишга тушириш билан боғлиқ ҳаражатларнинг 120 миллион сўмгача бўлган қисми қисми фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан субсидия билан қоплаб берилишини маълум қилинди.
Маълумки, мавжуд технологиялар асосида экилган писта 11-12 йилда ҳосилга киради. Бир туп дарахтдан 200-300 грамм ҳосил олиш мумкин. Янги плантацияларни такомиллашган технология асосида барпо этиш кўзда тутилган. Яъни, кўчатхонада ўстирилган ниҳолга иккинчи йил навдор писталардан олинган куртак пайванд қилинади. Учинчи йилдан уни очиқ майдонда экиш мумкин. Ушбу технологияда экилган писта 7-8 йилда ҳосилга киради. Ҳосилдорлик эса бир тупда 40-50 килограмгача етиши мумкин.
Тумандаги “Пандигон” маҳалла фуқаролар йиғинида Қодиржон Қосимов писта кўчати етиштириш билан ҳам шуғулланиб келади. Бугунги кунда пистачилик илмий маркази, лаборатория, иссиқхона, кўчат етиштиришни ўзида жамлаган “Агромактаб” ҳам ташкил этишга киришган.
Ҳозирда Риштоннинг кўплаб тадбиркорлари камҳосилли, унумсиз боғларни бузиб, ўрнига пистазор ташкил этишни бошладилар. Қодиржон Қосимов уларни ҳам кўчат билан таъминлаб, пистачиликнинг сир-асрорларини ўргатмоқда. Вилоят ҳокими ушбу ҳудуддаги “Golden walley 5” фермер хўжалиги томонидан ташкил этилаётган пистачиликни ривожлантириш лойиҳаси билан танишди.
М. Сулаймонов, ЎзА