Қалбаки дориларга қарши курашнинг ишончли механизми
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 23 январдаги "Мажбурий рақамли маркировкалаш тизими самарадорлигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида «BioPharma City» инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерида учрашув бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирда Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази, «CRPT Turon» масъулияти чекланган жамияти масъуллари ҳамда тажриба лойиҳасида иштирок этаётган маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг вакиллари иштирок этди. Мулоқот чоғида юқоридаги қарор асосида қонунчиликка киритилган тегишли ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти атрофлича кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, ҳужжатга мувофиқ, ТИФ ТН кодлари 3002, 300610, 300660 ва 9021909001 бўлган айрим дори воситалари ҳамда тиббий жиҳозларни рақамли маркировкалаш бўйича махсус тажриба лойиҳасини жорий йилнинг 1 июлидан 31 декабрига қадар амалга ошириш белгиланган. Шу билан бирга, ушбу турдаги маҳсулотлар учун 2027 йил 1 июлдан бошлаб мажбурий рақамли маркировкалаш тизимига тўлиқ ўтилиши кўзда тутилган.
Қайд этилганидек, мазкур йўналишдаги ишлар босқичма-босқич ва режа асосида ташкил этилмоқда. Жумладан, айни пайтга қадар тиббий жиҳозлар ишлаб чиқарувчи учта ва дори воситалари ишлаб чиқарувчи иккита корхона маҳсулотларни рақамли маркировкалаш ва кузатиш миллий ахборот тизими – «Асл белгиси»га ихтиёрий равишда уланиб, синов жараёнларида фаол қатнашмоқда.
Маълумки, «Асл белгиси» тизими истеъмол бозорини қалбаки ва сифатсиз маҳсулотлардан ишончли ҳимоя қилиш, ҳар бир дори воситаси ҳамда тиббий буюмнинг ишлаб чиқарувчидан то якуний истеъмолчигача бўлган йўлини махсус рақамли кодлар орқали шаффоф тарзда кузатиб боришни таъминлайдиган замонавий миллий платформа ҳисобланади.
Йиғилиш давомида иштирокчилар томонидан тажриба лойиҳасини амалга ошириш жараёнидаги амалий масалалар, ишлаб чиқарувчи корхоналарни янги тизимга босқичма-босқич улаш босқичлари ҳамда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни бартараф этиш йўллари муҳокама этилди. Соҳа вакилларининг фикр-мулоҳазалари тингланиб, белгиланган муддатларда мажбурий тизимга муваффақиятли ўтиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Бу каби саъй-ҳаракатлар бозорни қалбаки маҳсулотлардан ишончли ҳимоя қилиш, дори воситалари ва тиббий буюмларнинг ҳаракатини тўлиқ назоратга олиш ҳамда фуқароларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги давлат сиёсатини янги босқичга кўтаришда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Маълумот учун, рақамли маркировкалаш – маҳсулотларнинг ишлаб чиқарилган жойидан то якуний истеъмолчига етиб боргунига қадар бўлган барча ҳаракатини қадамма-қадам кузатиб бориш имконини берувчи замонавий ва хавфсиз тизим ҳисобланади. Бу жараёнда ҳар бир маҳсулот қадоғига ўзига хос такрорланмайдиган махсус рақамли код (Data Matrix штрих-коди) туширилиб, товарнинг улгуржи ва чакана савдо тармоқларидаги айланмаси ягона электрон база орқали қатъий назорат қилиб борилади.
Мазкур тизимнинг жорий этилиши истеъмол бозорини қалбаки, сифатсиз ва ноқонуний маҳсулотлардан ишончли ҳимоя қилишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Хусусан, фуқаролар махсус мобил иловалар орқали товардаги кодни сканер қилиб, унинг асллиги ва сифатига тўла ишонч ҳосил қилишлари мумкин бўлади.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА