Римда Жаҳон озиқ-овқат форуми бошланди
Италия пойтахти Рим шаҳридаги БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) бош қароргоҳида "Жаҳон озиқ-овқат форуми-2026"нинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
“Бугун инновация яратинг. Эртага озиқлантиринг” шиори остида ўтказилаётган халқаро форум озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалигига инновацион ечимларни жорий этиш ва барқарор озиқ-овқат тизимларини ривожлантиришга қаратилган. Форумда қарийб 200 мамлакатдан 18 минг нафардан ортиқ вакиллар қаторида мамлакатимиз делегацияси аъзолари ҳам иштирок этди.

Шунингдек, онлайн форматдаги иштирокчилар сони 60 минг нафардан ошгани тадбирнинг глобал миқёсдаги аҳамиятини намоён этди. 2021 йилда ташкил этилган Жаҳон озиқ-овқат форуми илм-фан, инновациялар, ёшлар ташаббуслари ва инвестицияларни озиқ-овқат тизимларини ривожлантиришга йўналтириш, шунингдек, глобал муаммоларга биргаликда ечим топиш учун муҳим халқаро мулоқот майдони ҳисобланади.
Форум доирасида қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, замонавий технологияларни кенг жорий этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон делегациясининг форумдаги иштироки мамлакатимизда аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва илғор тажрибаларни халқаро ҳамжамият билан муҳокама қилиш, хорижий давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва янги истиқболли ташаббусларни илгари суриш учун муҳим аҳамият касб этди.
Г.Бобоева,
ЎзА