Reuters: АҚШ разведкаси Россиянинг Эрон ҳужумидаги эҳтимолий иштирокини текширяпти
АҚШ разведка агентликлари Форс кўрфазидаги Марказий разведка бошқармаси манзилларига Эрон томонидан берилган зарбаларда Россиянинг алоқадорлигини текширяпти.
Мутахассислар фикрича, Москва Теҳронга нишонни аниқлаш ёки илғор дрон технологияси бўйича разведка маълумоти тақдим этган бўлиши мумкин. “Reuters” манбалари РФнинг эҳтимолий алоқадорлиги бўйича ҳали аниқ хулоса чиқарилмаганини таъкидлаган.
– Шубҳа ҳужум юқори аниқликда амалга оширилгани ва Россиянинг Эронга кўрсатадиган умумий техник ёрдами даражаси туфайли пайдо бўлди, – дейилган хабарда.
Март ойида МРБнинг камида икки объектига ҳужум қилинган: Ар-Риёдда жойлашган АҚШ элчихонаси станцияси ва Ироқ шарқидаги махсус манзил. Манбалар бошқа зарбалар ҳақида ҳам хабар берган, тафсилот сир сақланяпти.
Бошқа бир манба Россия Ислом Республикасига “Комета-М” сунъий йўлдош бошқарув тизими бериш орқали Шаҳид дронлари аниқлигини оширишга ёрдам берганини айтган. Бундай қурилма маҳаллий аслаҳаларга нисбатан аниқроқ, электрон қарши чораларга чидамлироқ деб ҳисобланади. Баъзи таҳлилчилар эса Эрон аслида АҚШ элчихонасини нишонга олгани, МРБ масканига тасодифан зарба берилганини истисно қилмаяпти.
С.Раҳимов, ЎзА