Қорақалпоқ давлат Ёш томошабинлар театрида «Республика ёшлар овози» фестивалининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бошланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2019 йил 19 март куни ёшларга эътиборни кучайтириш, ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланиб бўлиб ўтган видеоселектор йиғилиши баёни ижроси доирасида бир қатор вазифалар белгиланган эди.
[gallery-1572]
Шу билан бирга жорий йилда Бўзатов туманида “Бўзатов иқтидорларни кашф этади!” шиори остида мамлакатимиз миқёсида «Республика ёшлар овози» фестивалини ўтказиш белгиланган.
Фестивал асосан 5-15 ва 16-30 ёшдагилар ўртасида кастинг шаклида «бахшичилик ва анъанавий ижро», «опера» ва «эстрада» йўналишларида ўтказилмоқда.
Дастлабки кунда Қорақалпоғистон Республикасининг барча шаҳар ва туманларидан келган иқтидорли ёшлар «бахшичилик ва анъанавий ижро» йўналиши бўйича ўз маҳоратини намойиш этди. Барча йўналишлар бўйича ғолиблар мамлакат босқичига йўлланмани қўлга киритади.
Фестивалнинг ҳудудий босқичи давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА