Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида — Наврўз шукуҳи
Пойтахтимизда жойлашган Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Унда спорт вазири Адҳам Икромов, Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров ва Миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Тошхўжаев, шунингдек, мамлакатимиз спорт федерациялари вакиллари иштирок этди.
Байрам тадбири давомида марказда таълим олаётган ёш спортчилар ўз йўналишлари бўйича кўргазмали чиқишлар намойиш этди. Хусусан, миллий ўйинларимиз — қараб теп, арқон тортиш, тош кўтариш каби спорт турлари бўйича кичик мусобақалар ташкил этилди. Марказда Наврўз байрами ниҳоятда кенг кўламда, кўтаринки руҳ ва юқори савияда нишонланди. Ушбу қутлуғ айём муносабати билан марказ ҳудуди байрамона безатилиб, миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз ва анъаналаримизни ўзида мужассам этган ранг-баранг тадбирлар ташкил этилди.
Байрам дастуридан ўрин олган миллий таомлар кўргазмаси байрамга алоҳида файз бағишлаб, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос маданиятини намоён этмоқда. Мазкур кўргазмада меҳмонлар турли ҳудудларга хос ноз-неъматлар билан яқиндан танишиш, уларнинг тайёрланиш жараёнлари ҳақида маълумот олиш имконига эга бўлди. Шунингдек, тадбирда 21 та қозонда ош пишириш бўйича беллашувлар ўтказилиб, моҳир спортчи ошпазлар ўз маҳоратларини намоён этди.
Шунингдек, байрамда марказда қад ростлаган оғир атлетика спорт турига ихтисослашган янги спорт зали ҳам тантанали равишда фойдаланишга топширилди.
Бугунги кунда оғир атлетика бўлимида 5 нафар тренер-ўқитувчилар фаолият юритади. Бўлимда жами 24 нафар ўқувчи-спортчилар (шундан 2 нафари қизлар) таҳсил олиб келмоқда. 2026 йилда оғир атлетика бўлимидан Ўзбекистон ёшлар ва ўсмирлар терма жамоаси таркибида 6 нафар ўқувчи асосий ҳамда 4 нафар ўқувчи захира таркибидан жой олган бўлиб, бугунги кунда 12 нафар ўқувчи-спортчи Ўзбекистон чемпионати ва кубокларида ғолиб ва совриндорга айланган.
Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази ўрта ва профессионал давлат спорт-таълим муассасаси ҳисобланади. Марказ спортнинг олимпия ва паралимпия турлари бўйича иқтидорли спортчиларни тайёрлаш ва терма жамоалар захирасини шакллантиришда муҳим ўрин тутади.
Унда 25 та спорт иншооти мавжуд бўлиб, шундан 2 та стадион (1 та табиий, 1 та сунъий), 1 та сузиш ҳавзаси, 13 та спорт зали, 2 та воркаут майдончаси, 3 та ташқи жисмоний машқ ҳудуди (турниклар), 3 та майдонча, 1 та 3х3 баскетбол майдончаси ва 1 та шахмат майдончаси фаолият юритмоқда. Шу қаторда, 3 та ётоқхона, 1 тадан ўқув биноси, маъмурият биноси ва ошхона мавжуд.
Марказда ҳозирги кунда 18 та олимпия, 2 та миллий, 1 та ноолимпия ҳамда 5 та паралимпия спорт турлари бўйича 113 нафар тренер фаолият юритади. Уларнинг 13 нафари Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози, 72 нафари олий тоифали, 15 нафари биринчи тоифали ва 3 нафари иккинчи тоифали ҳисобланади.
Бугунги кунда марказда жами 668 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда, шулардан 113 нафари қизлар. Шунингдек, 5 та параспорт тури бўйича 51 нафар (шундан 15 нафари қизлар) спортчи фаолият юритмоқда.
Республика мусобақаларида 527 нафар, жаҳон ва Осиё чемпионатларида 79 нафар марказ ўқувчилари ғолиб ва совриндор бўлган. Уларнинг 279 нафари спорт разрядларига эга, 277 нафари спорт усталигига номзод, 100 нафари спорт устаси ва 12 нафари халқаро тоифадаги спорт усталари ҳисобланади. 354 нафари (53%) миллий терма жамоа аъзолари.
[gallery-28390]
2025 йил 25 сентябрь – 9 октябрь кунлари Боку шаҳрида бўлиб ўтган III МДҲ давлатлари ўйинларида 9 та спорт туридан 28 нафар спортчи иштирок этиб, 9 та олтин, 3 та кумуш ва 6 та бронза медални қўлга киритди.
Шунингдек, 22–31 октябрь кунлари Манама шаҳрида ўтказилган III ёшлар Осиё ўйинларида 30 нафар спортчи иштирок этиб, 13 нафар спортчимиз 6 та олтин, 3 та кумуш ва 4 та бронза медали соҳиби бўлди.
7–14 декабрь кунлари Дубай шаҳрида бўлиб ўтган IV ёшлар Параосиё ўйинларида 12 нафар спортчи иштирок этиб, 26 та медаль (17 та олтин, 5 та кумуш, 4 та бронза) қўлга киритилди.
Жорий йилнинг 25 январь – 12 февраль кунлари Саудия Арабистонида бўлиб ўтган велоспорт бўйича Осиё чемпионатида 1 нафар спортчи иштирок этиб, иккинчи ўринни эгаллади.
2025–2026 ўқув йили давомида марказ ўқувчилари 611 та республика ва халқаро мусобақалар ҳамда ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этди.
Умуман олганда, Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази мамлакатимизда юқори малакали спортчиларни тайёрлаш ва миллий терма жамоалар захирасини шакллантиришда муҳим маскан сифатида фаолият юритмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев, Ўктам Ҳайитов (сурат), ЎзА