Республика гандболчилари Наманганда жам бўлди
Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” спорт мажмуасида гандбол бўйича Ўзбекистон чемпионати ўйинларига старт берилди.
Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон гандбол федерацияси, Наманган вилояти ҳокимлиги, вилоят спорт бошқармаси мутасаддилари иштирок этиб, барча иштирокчи жамоаларга улкан зафарлар ёр бўлишини тилади.
Гуллар шаҳри мезбонлигида ўтаётган чемпионатнинг биринчи тур ўйинларида Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳридан келган 14 ёшгача бўлган ўсмирлар ва қизлардан иборат 33 та жамоа таркибида 460 дан ортиқ қўл тўпи усталари ғолиблик учун баҳсларга киришди.

Мусобақани бошлаб берган қизлар ўртасидаги баҳсда Тошкент шаҳри жамоаси Фарғона вилоятининг иккинчи жамоасини 15:11 ҳисобида мағлубиятга учратди. Андижонлик гандболчилар жиззахлик рақибларига 11:19 ҳисобида енгилган бўлса, қорақалпоғистонлик спортчилар Навоий вилояти вакиллари билан муроса йўлини танлади. Ҳисоб – 17:17. Мезбонлар – Наманган вилояти жамоаси эса, сурхондарёликларни 18:16 ҳисобида таслим этди. Самарқанд ва Хоразм жамоалари қарама-қаршилигида кичик фарқ билан (11:10) кўҳна кентликларнинг қўли баланд келди.

Ўсмирлар иштирокидаги биринчи давра беллашувлари ҳам қизғин руҳда тус олди. Ҳар бир учрашувда қатнашчилар қимматли очколар, муҳим ғалабалар сари дадил интилди. Рақибларига қараганда чаққонроқ ва фаолроқ ўйнаган жамоалар дастлабки зафар нашидасини сурдилар. Натижалар қуйидагича кўринишда бўлди: Фарғона – Навоий 25:18. Тошкент шаҳри – Бухоро 32:25. Наманган – Тошкент вилояти 22:17. Хоразм – Қ орақалпоғистон Республикаси 20:16. Қўрғонтепа (Андижон) – Сурхондарё 8:22.

Ёшлар ўртасида спортнинг гандбол турини кенг оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, терма жамоа таркиби учун муносиб захирани тайёрлашга хизмат қилувчи мамлакат чемпионатининг илк тур баҳслари 29 мартга қадар давом этиб, келгуси мезбонлик эстафетасини Намангандан Фарғона вилояти қабул қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА