Фарғона вилоятининг Фарғона туманида аҳолига транспорт хизмати кўрсатувчи МЧЖ раҳбари риелторлик фаолияти билан шуғулланувчи МЧЖ бошлиғи ҳамда икки нафар фуқаро билан ўзаро келишган ҳолда ўзганинг ишончига кириб, унга қурилиш фирмаси балансида бўлган 50 сотих ер майдонини 25 минг АҚШ долларига сотмоқчи бўлишади.
Транспорт хизмати кўрсатувчи МЧЖ раҳбари сўралган пулни олган вақтида ДХХ ва Департаментнинг вилоят бошқармалари ходимлари томонидан ушланди.
ДХХнинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда эса Давлат кадастрлари палатасининг Наманган вилоятидаги ҳудудий филиалларидан бирининг раҳбари ва бош мутахассисининг ер билан боғлиқ масалада фирибгарлик йўли билан ўзганинг 6 минг АҚШ доллари ва 42 млн. сўм пул маблағини ўзлаштиришга қаратилган хатти-ҳаракатларига чек қўйилди.
«ЎзшаҳарсозликЛИТИ» давлат унитар корхонасининг Бухоро филиали архитектори қурилиш фирмаси вакилига Бухоро шаҳар ҳудудидан кўп қаватли уй-жой қуриш учун 6 сотих ер майдонини ваколатли танишлари ёрдамида «Е-Аукцион» электрон онлайн савдолари орқали олиб беришини айтиб, хизмати эвазига 30 минг АҚШ доллари талаб қилади.
ДХХнинг Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда у сўралган пулдан аванс сифатида 10 минг долларни олган вақтида ушланди.
Дастлабки суриштирув ҳаракатлари давомида у мазкур пул маблағини Давлат кадастрлари палатасининг Бухоро тумани филиалининг «Е-Аукцион» савдолари бўйича муҳандисига бериши кераклиги маълум бўлди ва тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу шахс ҳам пулни олган вақтида ушланди.
Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида истиқомат қилиб, Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида фермерлик фаолияти билан шуғулланувчи шахс бошқа бир фуқарога тегишли чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалиги ерларидан 20 гектарини харидор номига олиб бериш эвазига 8 минг АҚШ доллари талаб қилади.
У сўралган пулдан 7,5 минг долларни олган вақтида ДХХ ва Департамент ходимлари томонидан ушланди.
Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида истиқомат қилувчи шахс Янги ҳаёт туманида яшовчи фуқарога танишлари орқали Сергели туманидаги 1,2 сотих ер майдонини олиб беришини айтиб, эвазига 12 минг АҚШ доллари талаб қилади.
ДХХнинг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ва Департаментнинг шаҳар бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда у сўралган пулдан 6 минг долларни олган вақтида ушланди.
Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида яшовчи фуқаро 2017 йил деҳқон хўжалиги ташкил этиш мақсадида туман ҳокими қарори билан ўз отаси номига расмийлаштириб берилган 50 сотих ер майдонини ҳамда унинг ёнида жойлашган, давлат захирасидаги 50 сотих ерни мансабдор танишлари орқали харидор номига ўтказиб бериш эвазига 8 минг АҚШ доллари сўрайди.
У сўралган пулдан 4 минг долларини олган вақтида ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментининг ҳудудий бошқармалари ходимлари томонидан қўлга олинди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ДХХ матбуот хизмати