Бухорода Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан «Репродуктив саломатлик: янги имкониятлардан янги стратегия сари» мавзуида конференция бўлиб ўтди.
Унда халқаро тиббиёт муассасалари вакиллари, илмий тадқиқотчилар, Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари, Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази ва унинг вилоятлардаги филиаллари раҳбарлари, перинатал марказлари вакиллари, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича бош мутахассислар ва шу соҳада изланиш олиб бораётган олимлар қатнашди.
Анжуманда репродуктив саломатликни сақлаш, бепуштлик масалалари билан боғлиқ қатор йўналишларда ўзаро тажриба алмашилди. Ўтган икки йил мобайнида Ўзбекистонда халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган репродуктив саломатлик ҳамда оналар ва болалар саломатлиги миллий модели шакллантирилиб, амалга оширилди. Бу билан мамлакатимизда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасида тиббий ёрдам кўрсатаётган тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базаси ва кадрлар салоҳиятини кучайтириш, замонавий ташхис усулларини жорий этиш, аёллар, болалар ва ўсмирлар касалликларининг олдини олиш борасида 5 йилга мўлжалланган қатор долзарб вазифалар белгиланган.
– Соғлом авлодни тарбиялаш – буюк давлат пойдеворини, фаровон ҳаёт асосини қуриш деганидир, – деди Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Наталя Надирханова. – Ушбу мақсад йўлида ўтган йиллар давомида кўлами ва аҳамияти жиҳатидан жуда улкан ишлар бажарилди. Миллат генофондини яхшилаш, оилада тиббий маданиятни юксалтириш, аҳолининг турмуш фаровонлиги ҳамда узоқ умр кўриш даражасини ошириш мақсадида бир қатор ҳужжатлар қабул қилинди, чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, уларнинг ижроси таъминланмоқда.
[gallery-4058]
Ўтган давр мобайнида «Соғлом она – соғлом бола» ғоясини ўзида мужассам этган дастурлар асосида кенг кўламли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилди. Бунинг натижасида скрининг, перинатал, репродуктив саломатлик марказлари каби янги тиббий марказлар ҳамда уларнинг вилоятлардаги филиаллари миллий тиббиётимизда мустаҳкам ўрин эгаллади. Биргина туғруқхона муассасаларини жиҳозлашга 2017 йилда 17 миллион АҚШ доллари, 2018 йилда эса 50 миллион АҚШ доллари ажратилди.
Юртимизда ҳомиладорларга, туққан аёлларга ва янги туғилган чақалоқларга хизмат кўрсатадиган оналикни парвариш қилиш тизимида 205 та муассаса, жумладан, республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика Перинатал маркази, Тошкент тиббиёт академияси клиникаси, 13 та вилоят ва 1 та шаҳар перинатал марказлари фаолият кўрсатмоқда.
Конференция доирасида ташкил этилган ялпи мажлис ва семинарларда репродуктив саломатлик борасида кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини оширишдаги муҳим масалалар ва уларнинг ечими, истиқболдаги режалар, хориж тажрибаси ва замонавий даволаш-профилактика усуллари муҳокама қилинди. Анжуманда диагностика ва даволаш сифати стандартларини, ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича халқаро тажрибани ўрганиш ва амалиётга жорий этиш масалалари кўриб чиқилди.
Зариф Комилов,
Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА