Реклама бозорида қонун талаблари қандай бажарилмоқда?
Рақобат қўмитаси томонидан 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида реклама бозорини тартибга солиш соҳасида амалга оширилган ишларга бағишланган брифинг бўлиб ўтди.
Унда реклама соҳасида қонун талабларига риоя этилишини таъминлаш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қонунбузилишларнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берилди.
Қўмита томонидан ҳисобот даврида рекламалар бўйича 13,5 мингдан ортиқ ўрганиш ўтказилиб, қарийб 6 мингта ҳолатда қонунбузилиш аниқланган.
Хусусан, 545 та дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар рекламасининг 51 таси қонун талабларига жавоб бермаган. Шунингдек, тақиқланган маҳсулотлар рекламаси бўйича 54 та ҳолат, тотализатор ва букмекерлик рекламаси бўйича эса 82 та ҳолат қайд этилган.
Қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни тарғиб қилувчи 76 та веб-сайт бўйича ваколатли органларга чора кўриш сўраб мурожаат қилинган ва уларнинг 50 дан ортиғи блокланган. Букмекерлик хизматларини тарғиб қилувчи видеороликларни тарқатган 3 нафар блогерга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.
Аниқланган қонунбузилишлар юзасидан 83 та субъектга нисбатан таъсир чоралари қўлланилган. Шу билан бирга, реклама мазмунини экспертизадан ўтказиш доирасида 18 мингдан ортиқ реклама таҳлил қилиниб, уларнинг 25 фоизи қонунчилик талабларига номувофиқ деб топилган.
Қўмита томонидан қонунбузилишларнинг олдини олиш мақсадида ОАВ, ижтимоий тармоқлар, веб-сайтлар администраторлари, реклама агентликлари ва бошқа субъектларга 10 мингга яқин огоҳлантириш ва сўровлар юборилган.
Брифингда таъкидланганидек, реклама бозорида қонунийликни таъминлаш, ҳалол рақобат муҳитини шакллантириш ва истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилади.
Нигора Раҳмонова, ЎзА