Реанимация энг замонавий ускуналар билан жиҳозланди (видео)
Беш кунлик чақалоқ. У ҳаётининг илк кунларидаёқ нафас етишмовчилиги билан юзма-юз келди. Шифокорларнинг саъй-ҳаракатлари ва махсус тиббий аппаратлар ёрдамида унинг нафас олиши тикланди. Бугун эса у мустақил нафас олмоқда, она сути билан озиқланмоқда. Бу — чақалоқлар реанимациясида ҳар бир дақиқа, ҳар бир муолажа ва ҳар бир тиббий қарор нақадар муҳим эканининг биргина мисоли.
Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё вилояти ҳудудий филиалининг чақалоқлар реанимацияси бўлимида ана шундай мураккаб ҳолатларда тиббий ёрдам кўрсатилади. Бу ерда муддатидан олдин туғилган, нафас етишмовчилиги ва турли туғма патологиялар билан дунёга келган гўдаклар ҳаётини сақлаб қолиш учун кураш олиб борилади.
— Бўлимимизда уч нафар олий тоифали шифокор ва 30 нафардан ортиқ тиббиёт ҳамшираси фаолият юритади. Муддатидан олдин туғилган, туғруқ жараёнида оғир асфиксия ҳолати кузатилган ҳамда турли патологиялар билан дунёга келган чақалоқларга малакали тиббий ёрдам кўрсатамиз. Бўлимимиз Осиё тараққиёт банки ҳамда «Ишонч-2030» лойиҳаси доирасида жаҳон стандартларига мос замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган, — дейди чақалоқлар реанимацияси бўлими мудири Назокат Давлатова.
[gallery-32705]
12 ўринга мўлжалланган бўлимда чақалоқларнинг ҳаётий кўрсаткичларини узлуксиз назорат қилиш, нафас олишини қўллаб-қувватлаш ва зарур даволаш муолажаларини амалга ошириш учун шароит яратилган.
Инкубаторлар, айниқса, муддатидан олдин туғилган гўдаклар учун зарур ҳарорат ва парвариш муҳитини таъминлайди. Мониторлар чақалоқнинг юрак уриши, нафас олиши ва бошқа ҳаётий кўрсаткичларини узлуксиз кузатиш учун қўлланилади.
— Инкубаторлар муддатидан олдин туғилган чақалоқлар учун жуда муҳим. Улар бола организми учун зарур ҳароратни сақлаш ва унинг парваришини тўғри ташкил этишга ёрдам беради. Мониторлар орқали эса чақалоқнинг юрак уриши, нафас олиши ва бошқа ҳаётий кўрсаткичларини мунтазам кузатиб борамиз, — дейди Назокат Давлатова.
Бўлим электрон тарозилар, электроаспираторлар ва фототерапия аппаратлари билан ҳам жиҳозланган. Чақалоқларда гипербилирубинемия, яъни қонда билирубин миқдорининг ошиши кузатилганда фототерапия ускуналаридан фойдаланилади.
Замонавий тиббий имкониятлар кўп функцияли неонатал каравот мисолида ҳам яққол намоён бўлади. Ушбу ускуна чақалоқнинг тана ҳароратини меъёрда сақлаш, сариқлик ҳолатида фототерапия ўтказиш ва зарурат туғилганда нафас олишини қўллаб-қувватлаш имконини беради.
— Кўп функцияли неонатал каравот бир вақтнинг ўзида чақалоқни иситиш ва сариқлик ҳолатида фототерапия ўтказиш имкониятига эга. Шунингдек, зарурат туғилганда сунъий нафас бериш, электроаспиратор ёрдамида юқори нафас йўлларини тозалаш каби муолажаларни бажаришда ҳам қўл келади, — дейди бўлим мудири.
Бўлимнинг моддий-техник имкониятлари аввалги йилларга нисбатан сезиларли даражада яхшиланган. Замонавий аппаратлар чақалоқлар аҳволини доимий назорат қилиш, зарур муолажаларни ўз вақтида ўтказиш ва даволаш жараёнини самарали ташкил этишда муҳим ўрин тутади.
— Бундан беш-олти йил аввал аппаратларимиз бугунгидек етарли эмас эди. Бу албатта, чақалоқларга самарали тиббий ёрдам кўрсатишда муайян қийинчиликлар туғдирарди. Ҳозир эса замонавий ускуналар билан таъминланганмиз. Уларнинг соз ҳолатда сақланиши, зарурат туғилганда алмаштирилиши ва самарали ишлатилиши учун ҳам имкониятларимиз анча яхшиланган, — дейди Назокат Давлатова.
Бўлим мутахассисларининг таъкидлашича, муддатидан олдин туғилишга турли тиббий омиллар сабаб бўлиши мумкин. Жумладан, онанинг экстрагенитал касалликлари, оғир даражадаги преэклампсия, йўлдошнинг муддатидан олдин кўчиши ва айрим инфекцион касалликлар шулар жумласидандир. Шу боис ҳомиладорлик даврида онанинг саломатлигини мунтазам назорат қилиш, мавжуд касалликларни ўз вақтида аниқлаш ва даволаш муҳим аҳамиятга эга.
Бир сўз билан айтганда, чақалоқлар реанимацияси — ҳаёт учун курашнинг энг масъулиятли манзилларидан бири. Бу ерда замонавий тиббий технологиялар, шифокорларнинг тажрибаси ва ҳамшираларнинг фидокорона меҳнати ягона мақсад — янги туғилган гўдаклар ҳаётини асраб қолиш ва уларнинг саломатлигини тиклаш йўлида бирлашади.
Ҳар бир соғлом нафас — бир оила бахти, ҳар бир асраб қолинган ҳаёт эса келажакка берилган умиддир. Бу ҳақиқатни бўлимда фаолият юритаётган тиббиёт ходимлари ҳар куни ўз меҳнати орқали намоён этмоқда.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат ва видео)