Экологик масъулият — инсон саломатлиги гарови
Бугун мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш, атмосфера ҳавоси мусаффолигини асраш, ишлаб чиқариш жараёнларининг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Президентимиз ташаббуси билан илгари сурилаётган экологик ислоҳотлар, хусусан, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган чора-тадбирлар ҳар бир корхона ва ташкилот зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.
Бу борада ишлаб чиқариш корхоналарида экологик талабларга риоя этилиши, ҳавога чиқарилаётган чанг ва бошқа ифлослантирувчи моддалар миқдорини камайтириш муҳим аҳамият касб этади. Зеро, ишлаб чиқариш самарадорлиги фақат иқтисодий кўрсаткичлар билан эмас, балки унинг инсон саломатлиги ва табиатга таъсири билан ҳам баҳоланиши лозим. Ана шу мақсадда Бухоро вилояти Жондор тумани Экология партия ташкилоти томонидан “Жондор Агрокластер” МЧЖ тизимидаги “Жондор пахта тозалаш” МЧЖ корхонасида жамоатчилик мониторинги ўтказилди.
Мониторинг давомида корхонада атмосфера ҳавосига чанг чиқишининг олдини олиш, мавжуд тозалаш ускуналарининг самарадорлигини ошириш ва экологик хавфсизликни таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар атрофлича ўрганилди.

Маълум бўлишича, корхонада чангни ушлаб қолиш тизимини такомиллаштириш мақсадида циклонлар таъмирланган, қўшимча чанг ушлагичлар ўрнатилган. Чанг ташқарига чиқиши мумкин бўлган уланиш нуқталари герметикланган. Шунингдек, иккита кетма-кет циклондан иборат икки босқичли тозалаш тизими жорий этилган. Циклонларда тўпланадиган чиқиндиларни ўз вақтида чиқариб ташлаш тартиби ҳам йўлга қўйилган. Бу чоралар ишлаб чиқариш жараёнида ҳавога тарқаладиган чанг миқдорини камайтиришга хизмат қилади. Бироқ бундай тизимларни ўрнатишнинг ўзи кифоя эмас. Уларнинг доимий соз ҳолатда ишлаши, техник хизмат кўрсатиш ишларининг ўз вақтида бажарилиши ва экологик меъёрларга қатъий амал қилиниши ҳам муҳимдир.
Мониторинг жараёнида корхона ҳудудини кўкаламзорлаштириш ишларига ҳам эътибор қаратилди. Ҳудудда арча ва бошқа манзарали дарахтлар экилган, уларни парваришлаш ишлари ташкил этилган. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида куз-қиш мавсумида яна 400 туп дарахт кўчати экиш режалаштирилган.

Албатта, дарахт экиш — бу фақат ҳудудни ободонлаштириш эмас, балки келажак авлод учун соғлом экологик муҳит яратишга қўшилган ҳиссадир. Айни пайтда экилган кўчатларнинг тутиб кетиши, мунтазам суғорилиши ва парваришланиши уларнинг сонидан кам бўлмаган аҳамиятга эга.
Мониторинг якунида чанг тозалаш ускуналарининг техник созлигини доимий назорат қилиш, экологик меъёрларга қатъий риоя этиш, кўчат экиш ва парваришлаш ишларини изчил давом эттириш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, атмосфера ҳавоси ҳолатини мунтазам кузатиб бориш мақсадида автоматик лаборатория ўрнатиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Энг муҳими, жамоатчилик мониторинги ишлаб чиқариш корхонаси фаолиятига фақат мавжуд камчиликларни аниқлаш нуқтаи назаридан эмас, балки экологик масъулиятни кучайтириш, табиатга эҳтиёткорона муносабатни қарор топтириш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш нуқтаи назаридан ёндашиш зарурлигини яна бир бор кўрсатди.
Зеро, тоза ҳаво, мусаффо табиат ва яшил муҳит — барчамиз учун бирдек қадрли бойлик. Уни асраш эса давлат идоралари, ишлаб чиқариш корхоналари ва кенг жамоатчиликнинг муштарак вазифасидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири