Кеча дунё футбол ихлосмандларининг эътибори Мадрид шаҳрига қаратилди. Сабаби, мазкур шаҳарда жойлашган “Сантьяго Бернабеу” стадионида Испания Ла Лигасининг 10-туридан ўрин олган “Реал” ва “Барселона” жамоалари ўртасида навбатдаги “Эль-класико” ўтказилди.
Ушбу клублар ўртасидаги учрашувнинг 22-дақиқасида “Реал” ҳужумчиси Килиан Мбаппе ҳисобни очган бўлса, 38-дақиқада каталонияликлар ярим ҳимоячиси Фермин Лопес ҳисобни тенглаштирди. Мадридликларнинг иккинчи тўпини 43-дақиқада ярим ҳимоячи Жуд Беллингем киритди.

Иккинчи бўлимнинг 52-дақиқасида “Барселона” ҳимоячиси Эрик Гарсиянинг қўлига тўп теккач, ҳакам "Барселона" дарвозасига пенальти белгилади. 11 метрлик жаримани Мбаппе йўққа чиқарди.
Шу тариқа, “Реал” очколарини 27 тага етказиб, Испания чемпионати турнир жадвалида яққол пешқадамга айлади. “Барселона” эса аламли мағлубиятдан сўнг 22 очко билан иккинчи ўринда қолди.

Маълумот ўрнида: Мадрид ва Каталония бош жамоаларининг Ла Лигадаги тўқнашувлари сони 191 тага етди ва уларда “Реал” 80, “Барселона” 76 марта ғалаба қозонган бўлса, яна 35 ўйин дуранг билан якун топган.
Дарвоқе, “Барселона” учун бу мағлубият октябрь ойи бошидан буён учинчиси бўлди. Ушбу жамоа бугунга қадар, “ПСЖ” (1:2) ва “Севилья” жамоасига (1:4) ютқазган.
Шуни таъкидлаб ўтишимиз лозимки, “Реал” клуби ярим ҳимоячиси Жуд Беллингем “Барселона”га қарши баҳсда биттадан гол ва голли узатма қайд этган ҳолда XXI асрдаги “Эль-класико”ларда ушбу натижани қайд этган Мадрид шаҳри жамоаси таркибидаги энг ёш ўйинчи сифатида тарихга кирди. Беллингем ушбу ўйин вақтида 22 ёш 119 кунлик эди. Шу тариқа, у Винисиус Жуниорга тегишли натижани янгилади. Бразилиялик ҳужумчи 2023 йил апрелида кубок баҳсида “Барселона”га қарши ўйинда 22 ёш 267 кунлик бўлиб, мазкур натижани қайд этган.

“Реал” бош мураббийи Хаби Алонсо ўзининг дебют “Эль-класико”сида ғалаба қозонди. У футболчилик фаолиятида “Реал” ва “Барселона” ўртасидаги 30 та ўйинда иштирок этган бўлиб, 8 тасида ғалаба қозонган, 15 марта мағлуб бўлган ва 7 марта дуранг ўйнаган.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА