РАСМИЙ БАЁНОТ: Ўзбекистонда коронавирусдан даволанаётган 904 бемор қолди, 12 нафарининг аҳволи оғир
Мамлакатимизда айни дақиқаларга келиб, коронавирус инфекцияси аниқланган 2046 фуқаро рўйхатга олинган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков:
– Мамлакатимизда айни дақиқаларга келиб, коронавирус инфекцияси аниқланган 2046 фуқаро рўйхатга олинган. Беморларнинг 1133 нафари, яъни 55,5 фоизи тўлиқ соғайиб, реабилитация марказларига ўтказилган. Республика бўйича юқумли касалликлар шифохоналари ҳамда мослаштирилган шифохоналарда даволанаётган 904 бемордан 10 нафарининг аҳволи оғир, 2 нафарининг аҳволи ўта оғир. Ушбу беморларнинг барчаси тиббий назорат остига олинган. Жойлардаги беморларни даволаш жараёнида малакали мутахассис ва олимларнинг иштироки таъминланган. Вилоятлар ва Тошкет шаҳри билан телемулоқот, телемаслаҳатлашув тизими йўлга қўйилган.
Ҳурматли юртдошлар!
Карантин тадбирлари давом этяпти. Шахсий автомобилларда ҳаракатланишга, уй атрофида сайр қилишга рухсат берилди. Лекин сиз ўзингизда ва яқинларингизда шамоллаш белгиларини сезсангиз, тана ҳароратининг кўтарилиши, томоқ оғриғи, йўтал кузатилса зинҳор кўчага чиқманг. Бошқаларга касалликни юқтириб қўйишдан ўзингизни сақланг. Зудлик билан телефон орқали тиббиёт ходимларига мурожаат қилинг ва шифокорларни уйингизга чақиринг.
Ўйлаймизки, сиз онгли равишда тавсияларимизни қабул қиляпсиз. Ушбу тавсияларга риоя қилиш орқали эпидемик вазиятни барқарорлаштиришга ҳисса қўшасиз, деган умиддамиз.