Рақамли трансформация йўналишлари муҳокама қилинди
Сирдарё вилоятида рақамли трансформацияни кенгайтириш, маҳаллий IT - экотизимни халқаро стандартларга мослаштириш ва ёшлар стартапларини қўллаб-қувватлаш мақсадида халқаро IT ҳамкорлик учрашуви ўтказилди.
“ICT WEEK – 2025” доирасида бўлиб ўтган мазкур тадбир Сирдарёнинг инновацион ривожланиш йўлида муҳим қадам сифатида эътироф этилди. Унда Малайзия, Россия ҳамда АҚШдан ташриф буюрган йирик IT компаниялари вакиллари иштирок этишди.
Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов меҳмонларни қутлар экан, Сирдарёнинг иқтисодий ва интеллектуал салоҳиятини, шунингдек, инвесторлар учун очиқ ва қулай муҳитга эга эканини алоҳида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, вилоятда рақамли хизматлар инфратузилмасини кенгайтириш, IT-парклар ва аутсорсинг марказлари фаолиятини ривожлантириш, ёшлар учун янги имкониятлар яратиш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.
[gallery-25507]
Учрашувда Малайзиядан “UI Platinum Group”, “Lyndung”, “Sampul” каби 13 та компания, Россиядан “PRESSFEED”, АҚШдан эса “Ruby Talent Solutions” иштирок этди. Бу компаниялар дастурий таъминот, сунъий интеллект, аутсорсинг, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларидаги илғор тажрибалари билан Сирдарёда рақамли трансформация жараёнларига ҳисса қўшишга тайёр эканликларини билдиришди.
Музокараларда ахборот технологияларини таълим, тиббиёт, оммавий ахборот воситалари, давлат хизматлари ва бизнес жараёнларида кенг жорий этиш имкониятлари муҳокама қилинди. Шунингдек, вилоятда IT-парк фаолиятини янада кенгайтириш, халқаро акселерация дастурларини амалга ошириш ва маҳаллий стартапларни глобал бозорга олиб чиқиш йўналишлари белгилаб олинди.
Таъкидлаш жоизки, учрашув доирасида йўлга қўйилган мулоқот нафақат инвестиция ва технологиялар алмашинувига, балки ёшлар ўртасида инновацион фикрлаш маданиятини шакллантиришга ҳам хизмат қилади. Халқаро экспертлар фикрича, бундай учрашувлар орқали Сирдарё нафақат республикада, балки минтақавий даражада ҳам рақамли трансформациянинг етакчи ҳудудига айланиши мумкин.
Музокаралар якунида жорий йилнинг ноябрь ойида Гулистон шаҳрида Сирдарё Инвестиция форумини ўтказиш, шунингдек, Малайзия пойтахти Куала-Лумпурда Сирдарё IT ва Инновациялар марказини очиш режаси эълон қилинди. Бу ташаббуслар вилоятнинг халқаро ҳамкорлик салоҳиятини мустаҳкамлаб, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш жараёнини янада жадаллаштириши кутилмоқда.
Халқаро экспертлар таъкидлаганидек, Сирдарёда йўлга қўйилаётган бундай ҳамкорлик нафақат маҳаллий IT-экотизимнинг шаклланиши ва ўсишига, балки мамлакатнинг рақамли иқтисодиёти барқарорлигига ҳам кучли туртки бериши мумкин.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири