Рақамли трансформация даврида Ўзбекистон – Россия медиа мулоқоти (+видео)
Айни пайтда пойтахтимиздаги “Hilton” меҳмонхонасида Ўзбекистон – Россия III медиа форуми бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) ва Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилаётган мазкур йиғинда давлат ҳокимияти органлари, етакчи оммавий ахборот воситалари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этмоқда.
Анжуманни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори Абдусаид Кўчимов кириш сўзи билан очиб, бугунги глобал ахборот маконида юз бераётган шиддатли ўзгаришлар шароитида икки мамлакат оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш ва профессионал мулоқотни кенгайтириш муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
Икки кун давом этадиган форумда рақамли трансформация шароитида Ўзбекистон ва Россия медиа ташкилотлари олдида турган асосий вазифалар, ахборот соҳасидаги янги имкониятлар ва ҳамкорлик истиқболлари атрофлича кўриб чиқилади.
Форум доирасида тўртта ишчи сессия ўтказилиши режалаштирилган. Бугун бўлиб ўтаётган ялпи мажлис Ўзбекистон ва Россиянинг медиа, коммуникация ва ахборот соҳаларидаги стратегик шериклигига бағишланган.
Бундан ташқари, ҳужжатли ва бадиий фильмларни ҳамкорликда ишлаб чиқариш, турли мавзуларга бағишланган қўшма махсус медиа лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқиш режалаштирилган.
Медиафорум доирасида кибермаконда ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва болаларни ҳимоя қилиш масалаларига бағишланган семинар ҳам ташкил этилади. Шунингдек, интернетда тарқалаётган ёлғон ахборотлар ва генератив сунъий интеллект ёрдамида яратилган контентнинг ҳаққонийлигини текшириш бўйича маҳорат дарслари ўтказилади.
Маълумот ўрнида: Ўзбекистон – Россия медиафоруми учинчи бор ўтказилмоқда. Илк форум 2018 йил Тошкентда ўтказилган бўлса, иккинчи йиғин 2021 йилда онлайн шаклда ўтказилган.
Қайд этиш жоизки, мазкур форум соҳадаги мавжуд ҳамкорликни янги мазмун билан бойитиш, қўшма медиа лойиҳаларни амалга ошириш ва ахборот агентликлари ўртасидаги амалий шерикликни янада кенгайтириш учун муҳим мулоқот майдони бўлиб хизмат қилмоқда.
М.Зиё, Д.Ҳакимов,
Ф.Яхшибоева, Д.Ёқубов (видео),
ЎзА