Рақамли технологиялар ва инновацион ёндашув – сув тежамкорлигининг муҳим омили
Бугунги кунда дунё миқёсида иқлим ўзгариши ва сув ресурслари танқислиги тобора долзарб масалага айланмоқда. Шу боис мамлакатимизда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, замонавий технологияларни кенг жорий этиш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларини рақамлаштиришга қаратилган ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда.
Айниқса, Қизилқум саҳроси ҳудудида фаолият юритаётган Навоий кон-металлургия комбинатида сувдан самарали фойдаланиш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. Бу борада ёш мутахассисларнинг инновацион ғоялари ва рационализаторлик таклифларини қўллаб-қувватлаш орқали ишлаб чиқаришда ресурс тежамкор технологиялар кенг татбиқ этилмоқда.
Жумладан, комбинатнинг Ишлаб чиқаришни автоматлаштириш бошқармаси Назорат-ўлчов асбоблари ва автоматика марказий лабораторияси мутахассислари томонидан сув ресурсларини 30 фоиздан 60 фоизгача тежаш имконини берувчи автоматик суғориш бошқарув тизими яратилди. Мазкур инновацион ишланма ўтган йил куз мавсумида муваффақиятли синовдан ўтказилди.
– Лойиҳани ишлаб чиқиш жараёнида амалдаги суғориш тизимларидаги камчиликлар, хусусан, сувнинг ортиқча сарфланиши, тупроқ намлигининг аниқ назорат қилинмаслиги ва инсон омили билан боғлиқ муаммолар чуқур ўрганилди, – дейди лаборатория бошлиғи Сардор Норбоев. – Натижада замонавий электроника, “ақлли” сенсорлар ва интеллектуал бошқарув технологиялари асосида мутлақо янги тизим яратилди. Ушбу бошқарув тизими суғориш жараёнини инсон иштирокисиз, юқори аниқликда ва белгиланган меъёрлар асосида амалга ошириш имконини беради. Қурилма суғориладиган майдон рельефини автоматик тарзда ҳисобга олади, тупроқ намлигини реал вақт режимида кузатиб боради ва зарур миқдордагина сув беришни таъминлайди. Бу эса сув ресурсларини тежаш, ортиқча суғориш ҳолатларининг олдини олиш ҳамда хизмат кўрсатиш харажатларини қисқартиришга хизмат қилмоқда.

Энг муҳими, мазкур лойиҳа мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, экологик барқарорликни таъминлаш ва “яшил” технологияларни кенг жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижасидир. Бугунги кунда комбинат мутахассислари томонидан яратилган ушбу автоматлаштирилган тизимни “Пистали” кони ҳудудидаги Алишер Навоий боғида жорий этиш режалаштирилган.
Лойиҳа муаллифи, лаборатория бошлиғи Сардор Норбоев мазкур рационализаторлик таклифи билан “Энг яхши рационализаторлик таклифи” танловида иштирок этиб, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналишида биринчи ўринни қўлга киритди.
Шубҳасиз, бундай инновацион ечимлар сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида муҳим аҳамият касб этиб, барқарор тараққиёт мақсадларига эришишга хизмат қилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири