Президентимиз Шавкат Мирзиёев: “Тараққиётга эришиш учун рақамли билимлар ва замонавий ахборот технологияларини эгаллашимиз зарур ва шарт.
Бу бизга юксалишнинг энг қисқа йўлидан бориш имкониятини беради. Зеро, бугун дунёда барча соҳаларга ахборот технологиялари чуқур кириб бормоқда. Албатта, рақамли иқтисодиётни шакллантириш керакли инфратузилма, кўп маблағ ва меҳнат ресурсларини талаб этишини жуда яхши биламиз. Бироқ, қанчалик қийин бўлмасин, бу ишга бугун киришмасак, қачон киришамиз?! Эртага жуда кеч бўлади” дея таъкидлаганидек, рақамли технологиялар иқтисодиётимиз тараққиётини янада юқори босқичга олиб чиқишда энг муҳим омиллардан бири бўлади.
Давлат ва жамият бошқаруви, ижтимоий-иқтисодий, қўйингки, жамият ҳаётининг барча жабҳаларида рақамли технологияларни кенг жорий этиш натижадорликни ошириш, жамият тараққиёти ва аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш имкониятини кенгайтиради. Рақамли иқтисодиёт бу биргина фаолият тури эмас, у ишбилармонлик, тизимли ва ривожланган саноат, сифатли таълим ва хизматлар деганидир. Агар оддий иқтисодиётда моддий буюмлар асосий ресурс саналса, рақамли иқтисодиётда бу қайта ишланадиган ҳамда узатиладиган ахборот, маълумотлар ҳисобланади. Улар таҳлил қилингандан кейин эса тўғри ва самарали бошқариш бўйича ечим ишлаб чиқилади. Бугунги кунга келиб, рақамли технологиялар ҳаётимизнинг барча соҳаларида фаол қўлланилмоқда. Бу иқтисодиёт, банк, хизмат сектори, шунингдек, таълим тизими ва бошқа жараёнларнинг тез суръатларда ривожланишига хизмат қилмоқда.
Андижон давлат университетида ҳам мазкур йўналишда кўплаб лойиҳалар амалга оширилаётир, дастурлар ишлаб чиқилиб амалиётга татбиқ этилмоқда. Энг аввало, бу борада ўзига хос тизим, самарали фаолият олиб борувчи мутахассислар шаклланди. Ўтган йили университетда информатика ва ахборот технологиялари, математика, география, иқтисод, кимё, тарих, физика, психология фанлари бўйича терминлар ва уларнинг таърифини кўрсатиб берадиган «Universal Glossary» мобил иловаси ишлаб чиқилди. Бундан ташқари, барча фан ва йўналишлар бўйича электрон китобларни онлайн ўқиш, фойдаланиш ҳамда юклаб олиш мақсадида http://kutubxona.adu.uz/ тизими яратилди. Тизимга 39 минг 216 та ўқув ва услубий адабиётларнинг электрон шакли киритилди. Бундан фойдаланувчилар сони 17 минг нафардан ортди, кунлик фойдаланувчилар эса 400-450 кишини ташкил этмоқда. Фойдаланувчилар ўзлари учун зарур адабиётлар электрон нусхасини QR код орқали юклаб олиши мумкин.
Шунингдек, илмий бўлимда докторант ва тадқиқотчиларга малакавий имтиҳон учун онлайн ҳужжат топшириш имкониятини берадиган интерактив хизмат яратилганлиги рақамлаштириш йўналишидаги ишларга яна бир мисолдир. Университетда 2021-2022 ўқув йили қабули жараёни, ижодий имтиҳонларни онлайн трансляция қилиш имконини берувчи live.adu.uz сайти яратилиб, ишга туширилди. Натижада ота-оналар, кенг жамоатчилик имтиҳон жараёнларини бевосита кузатиб туриш имконига эга бўлди, шаффофлик, ошкоралик таъминланди. Касбий (ижодий) имтиҳонлар куни, гуруҳи, имтиҳон ўтказиш жойи ва соати ҳақида маълумотларни, касбий (ижодий) имтиҳонлар натижаларини билиш учун ijodiy.adu.uz сайти ва @aduijodiyimtihonbot телеграмм боти ишга туширилганлиги эса абитуриентларга катта қулайлик яратди.
Андижон давлат университетига барча йўналишларда ўқишга қабул бўйича 3 йиллик ўтиш баллари мобиль иловасининг яратилганлиги ҳам рақамлаштириш йўналишидаги муҳим ишлардан бири бўлди. 2021/2022 ўқув йили учун Андижон давлат университети, шунингдек, университет педагогика институтига тўлов-шартнома асосида қабул қилинган 1-курс талабалари ва уларнинг ота-оналарига қулайлик яратиш мақсадида adumarketing.uz платформаси ишга туширилди. Тўлов-шартнома асосида талабаликка тавсия этилган абитуриентлар тўлов-шартномасини adumarketing.uz ҳаволаси орқали онлайн тарзда олиш имконига эга бўлди. Университет талабаларининг ижарада яшаши, талабалар турар жойида туриши ёки уйидан қатнаши, қандай тўгаракларга кириши, оилавий ҳолати, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги, темир дафтарда туриши ва ҳ.к. кўрсаткичлари бўйича маълумот берувчи талабаларнинг ягона маълумотлар базаси http://talaba-baza.adu.uz платформаси ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди. www.certify.alimqulov.uz веб саҳифаси орқали Андижон давлат университети Инкубация ва акселерация маркази томонидан ташкил этилган ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаганлар учун QR code билан ҳимояланган сертификатни юклаб олиш имкониятини беради ҳамда “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси бўйича ҳам сертификатлар умумий базасини шакллантириб борилади.
Рақамли таълим технологиялари марказида амалга ошириладиган ишлар ва кўрсатиладиган хизматларни оммага тақдим қилиш мақсадида servis.adu.uz веб саҳифаси яратилган. Университетда иқтидорли талабалар, тадқиқотчиларнинг интернет тармоғидан эркин фойдаланишларига кўмаклашиш мақсадида Wi-Fi зоналари ташкил этилган, интернетнинг сифатли ва узлуксиз ишлашини таъминлаш учун зарур жиҳоз ва қурилмалар билан таъминланган. Таълим сифатини назорат қилиш ва университетни хавфсиз ҳудудга айлантириш тамойили асосида университет ҳудуди ва ўқув аудиторияларига 236 дона кузатув камералари ўрнатилган. Айни пайтда таълим сифатини назорат қилиш бўлими мутахассислари ҳамда декан ўринбосарлари томонидан университетдаги дарс жараёнларини онлайн кузатиб бориш имкони яратилган.
Бир сўз билан айтганда, рақамлаштириш жараёни фаолиятимиз самарадорлиги, таълим сифати, шаффофлик ва ҳудуд хавфсизлигини таъминлашда, ўқитувчи ва талабаларга қулайлик яратиш баробарида кенг имкониятлар яратиб берди. Университетда бу борадаги ишлар бундан буён ҳам изчил давом эттирилади.
Мадаминжон МАҲКАМОВ,
Андижон давлат университетининг
Ахборот технологиялари бўйича проректори,
техника фанлари номзоди, доцент.
ЎзА