Рақамли тарбиявий контентларни яратиш масалалари халқаро конференцияда муҳокама қилинди
Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институтида “Шахс тарбиясига йўналтирилган рақамли контентларнинг халқаро стандартлари ва амалиётга жорий этиш механизмларини такомиллаштириш” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Мазкур конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги ташкилотлар вакиллари, шунингдек, мамлакат олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, изланувчилари, магистрантлари ва талабалари иштирок этди.
Шунингдек, конференцияда замонавий педагогик ва психологик ёндашувлар асосида тарбиявий рақамли контентларни яратиш, уларни таълим-тарбия жараёнига самарали интеграция қилиш ҳамда ёшларнинг когнитив, эмоционал ва ахлоқий ривожланишига таъсирини баҳолаш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, болалар ва ёшларни зарарли контентдан ҳимоя қилиш, рақамли муҳитда миллий ва умуминсоний қадриятларни тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Анжуман доирасида рақамли тарбиявий контентларни стандартлаштириш ва уларни яратиш методологияси, контентларнинг педагогик, психологик ва ахлоқий таъсирини баҳолаш, рақамли экотизим ва технологик имкониятлардан самарали фойдаланиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш каби масалалар кўриб чиқилди. Бундан ташқари, ушбу йўналишда малакали кадрлар тайёрлаш, зарур компетенцияларни ривожлантириш ва фанлараро ҳамкорликни кучайтириш масалалари ҳам кун тартибидан ўрин олди.
[gallery-31881]
Ушбу конференцияда кутилаётган натижа шуки, Халқаро тажриба ва илмий ёндашувларни уйғунлаштириш орқали рақамли тарбиявий ресурсларни яратиш, баҳолаш ва амалиётга жорий этиш бўйича янги методологик асосларни ишлаб чиқиш имкониятлари кенгаяди. Шунингдек, халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма тадқиқотлар ва грант лойиҳаларини амалга ошириш учун замин яратилади.
Шу билан бирга, рақамли таълим ва тарбия контентлари учун янги стандартлар ҳамда меъёрий механизмларни ишлаб чиқиш миллий рақамли таълим бозорини ривожлантириш, маҳаллий IT- стартаплар ва EdTech лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, экспортбоп педагогик маҳсулотлар яратиш имкониятларини кенгайтириши кутилмоқда.
Баёнов Ҳамроз, ЎзА