Рақамли таълим: интеллектуал салоҳиятли ёшлар сафи ортмоқда
Мамлакатимизда “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш, IT таълимини, ахборот технологиялари соҳасида мутахассисларнинг билим ва малакасини ошириш, ёшларни касбга тайёрлаш ва йўналтириш тизимини ривожлантиришга қаратилган қатор лойиҳалар самарали амалга оширилмоқда. Бу борада Андижон вилоятида олиб борилаётган ишларни алоҳида эътироф этиш лозим.
– Вилоятимизда рақамли таълимни ривожлантириш бўйича белгиланган ишлар тизимли ва режа асосида олиб борилмоқда, – дейди Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Рақамли таълимни ривожлантириш маркази Андижон вилояти бўлими бош мутахассиси Шерзодбек Мадаминжонов. – Мазкур йўналишдаги ишлар «Беш миллион сунъий интеллект етакчилари» лойиҳаси, “Рақамлаштириш орқали фаровонлик сари” дастури, ёшлар ва давлат хизматчиларини халқаро IT сертификатга ўқитиш платформаси орқали амалга оширилмоқда. Хусусан, Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “5 миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳаси доирасида мамлакатимизда 2030 йилга қадар жами 5 миллион нафар мактаб ўқувчилари, талабалар, ўқитувчи ҳамда давлат хизматчиларини ўқитиш кўзда тутилган.


Лойиҳа доирасидаги “aileaders.uz” платформаси орқали аҳоли ва ёшларнинг сунъий интеллект ва ахборот технологиялари йўналишларида бепул онлайн ўқув курсларига жалб этиш, рақамли саводхонлик даражасини ошириш, сунъий интеллект соҳасида мустақил билим ва амалий кўникмаларга эга бўлишини таъминлаш, уларни замонавий ва юқори даромадли касбларга йўналтириш ҳамда Ўзбекистонда сунъий интеллект бўйича рақобатбардош кадрларни шакллантириш мақсад қилинган.
Жорий йилнинг май ойида лойиҳа доирасида юқори натижаларга эришган андижонлик 96 нафар иштирокчи “Миллий танлов” ғолиби сифатида муносиб рағбатлантирилди.


Вилоятда мазкур лойиҳа доирасида Рақамли технологиялар вазирлиги Андижон вилояти ҳудудий шўъбаси, Рақамли таълимни ривожлантириш маркази Андижон вилояти бўлими томонидан туман, шаҳар ҳокимликлари, олий ва профессионал таълим муассасалари ҳамда умумтаълим мактаблари билан ҳамкорликда ҳудудларда лойиҳанинг аҳамияти, унинг мақсад ва вазифалари юзасидан тарғибот тадбирлари, учрашув ва тақдимотлар мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Жорий йилнинг 1- ярмида “Беш миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳасига Андижон вилоятидан жами 374 минг нафар фойдаланувчи қамраб олинди, шундан “aileaders.uz” платформаси орқали “AISTUDY” курсларида 310 минг нафар ва “COURSERA” курсларида 64 минг нафар мактаб ўқувчиси, шунингдек, талаба, ўқитувчи ҳамда давлат хизматчилари сунъий интеллект курсларида таҳсил олди. IT Park Uzbekistan Андижон филиалида ҳам 20 га яқин IT йўналишлари бўйича ўқув курслари ташкил этилган. Айни кунда мазкур курсларда 350 нафардан зиёд ёшлар таҳсил олмоқда.
Давлат хизматчилари, ташкилот, муассасаларнинг раҳбар ва ходимларини сунъий интеллект йўналишида ўқитиш бўйича ҳам қатор ишлар олиб борилди. Жумладан, вилоятдаги 16 та туман, шаҳар ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари, шунингдек, ташкилот ва муассасаларнинг 5,5 минг нафар раҳбар ва ходимлари сунъий интеллект йўналишида ўқиб, билим ва малака оширди.
“Рақамлаштириш орқали фаровонлик сари” дастури асосида ижтимоий реестрга киритилган ёшларни ахборот технологиялари соҳасида замонавий касбларга ўқитиш бўйича ҳам бепул курслар ташкил этилди. Жорий йилнинг ўтган даврида 4,5 минг нафардан зиёд реестига киритилган ёшлар itstudy.uz платформаси орқали онлайн курсларда ўқитилди. Ёшлар ва давлат хизматчиларини халқаро IT сертификатга ўқитиш платформаси доирасида 300 нафардан зиёд ёшлар таҳсил олиб, халқаро IT сертификатга эга бўлди.
Вилоятда IT соҳасида муваффақиятга эришган ва тажрибали мутахассисларни жалб этган ҳолда талаба ва ёшларни замонавий касбларга қизиқтириш, уларга ахборот технологиялари соҳасида халқаро тажриба ва кўникмаларни етказиш, муваффақиятга эришиш сирларини ўргатиш мақсадида “MEET UP” йўналишида 40 яқин учрашув, тақдимот ва турли тадбирлар ўтказилди.
Андижон шаҳридаги “Digital City” технопаркида ахборот технологиялари соҳасига қизиқадиган хотин-қизлар учун “GAP Ayollar IT-klubi” лойиҳаси доирасида қатор семинар-тренинг ва амалий учрашувлар ўтказилди. Мазкур лойиҳа аёл-қизларнинг замонавий касблар, рақамли технологиялар ва инновацион йўналишлар бўйича билим ва кўникмаларини ошириш, уларнинг касбий ривожланиши ва бандлигини таъминлашга ёрдам бермоқда.
– Мен лойиҳа доирасида ташкил этилган тадбирда ахборот технологиялари соҳасига қизиқадиган хотин-қизларга ўз фаолиятим, фаолиятимнинг самарали олиб боришда ахборот технологияларининг ўрни, роли, улардан самарали фойдаланиш бўйича тажрибаларимни гапириб бердим, – дейди Андижон шаҳридаги инглиз тилига ихтисослашган “ENGLISH LIFE” хусусий мактаби таъсисчиси Нилуфар Нуралиева. – Бундан кўплаб иштирокчилар хурсанд бўлди, IT соҳаси имкониятлари нақадар кенг эканлигига ишонч ҳосил қилдилар.
Жорий йил апрель ойида Андижон давлат университетида информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитувчилари учун “ИНФОТЕАЧ – 2026” республика форуми ўтказилди. Мазкур форумда юртимизнинг турли вилоятларидан ташриф буюрган 400 нафарга яқин педагог иштирок этди.


Семинар машғулотларига Рақамли таълимни ривожлантириш маркази томонидан ишлаб чиқилган дастур асосида тажрибали спикер ҳамда соҳанинг тажрибали мутахассислари жалб этилди. Улар томонидан семинар-тренинг иштирокчиларига IT соҳасида зарур билим ва кўникмалар берилди.
Хонобод шаҳрида барпо этилган "IT шаҳарча” ёшлар ахборот технологиялар марказининг фойдаланишга топширилганлиги ҳам шаҳар ёшларига IT соҳаси бўйича таълим олиш имкониятларини янада кенгайтирди.
"IT шаҳарча” марказида бир йилда 400 нафардан ортиқ ёшлар таҳсил олади. Энг асосийси, мазкур лойиҳа доирасида 5–11-синф ўқувчилари рақамли технологиялар ҳамда хорижий тиллар бўйича бошланғич билимларни бепул эгаллаш имкониятига эга бўлди.
Бир сўз билан айтганда, вилоятда рақамли таълимни ривожлантиришга қаратилган ишлар тизимли олиб борилмоқда, қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу, албатта, ўзининг ижобий самараларини беради. Келгусида вилоятда IT соҳасини яхши биладиган, юқори интеллектуал салоҳиятга эга ёшлар, фуқаролар сафи янада ортади.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири