Рақамли наркотрафик ва синтетик гиёҳвандликка қарши курашиш - долзарб вазифа
Гиёҳвандликка қарши курашиш ҳар қандай давлат учун миллий хавфсизликни таъминлаш, аҳоли саломатлигини асраш ва соғлом авлодни тарбиялаш билан боғлиқ муҳим вазифалардан биридир. Бугун бу муаммо нафақат ҳуқуқ-тартибот, балки тиббиёт, таълим, ижтимоий ҳимоя ва халқаро ҳамкорликни қамраб олган комплекс ёндашувни талаб қилмоқда.
Ўзбекистонда гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилди. Рақамли муҳитдаги жиноий фаолиятни аниқлаш, ахборот алмашинувини кучайтириш, молиявий оқимларни таҳлил қилиш ва профилактика ишларини замонавий технологиялар билан уйғунлаштиришга эътибор кучайтирилди.
Гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш Миллий стратегия асосида амалга оширилмоқда. 2025 йил 3 ноябрдаги «Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони билан эса гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг барвақт олдини олиш ҳамда уларга қарши курашиш бўйича 2025 - 2026 йилларга мўлжалланган комплекс амалий ҳаракатлар миллий дастури тасдиқланди.
Унда қонунчиликни такомиллаштириш, наркожиноятларни эрта аниқлаш, профилактика ишларини кучайтириш, яширин нарколабораторияларни фош этиш, прекурсорлар устидан назоратни кучайтириш ва идоралараро ҳамкорликни ривожлантириш каби йўналишлар белгиланган.
Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази негизида Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги ташкил этилди. Агентликка мазкур соҳада давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш билан боғлиқ вазифалар юклатилган.
2025 - 2026 йилларга мўлжалланган Миллий дастурда наркотик воситалар, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласи учун жавобгарликни такомиллаштириш, наркожиноятчиликнинг янги шакллари ва усулларига қарши жиноий-ҳуқуқий механизмларни кучайтириш вазифалари белгиланган.
Бундан ташқари, прекурсорлар ҳаракатини ишлаб чиқариш ёки олиб киришдан тортиб реализациягача бўлган жараёнларда электрон назорат қилиш механизмларини жорий этишга ҳам эътибор қаратилмоқда.
Бу ёндашув наркотик моддаларнинг тайёр маҳсулот сифатида тарқалишидан олдинроқ, уларни ишлаб чиқариш занжирида назорат қилиш имкониятини кенгайтирди.
Расмий маълумотларга кўра, 2025 йилда Ўзбекистонда наркожиноятлар соҳасида 15 минг 412 жиноят қайд этилиб, 3 тонна 775 кг гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинган. 15 та нарколаборатория аниқланган.
Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги ахборот хизматидан маълум қилишларича, жорий йил 8 ойида гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ 12 минг 104 жиноят ва 1 минг 410 маъмурий ҳуқуқбузарлик аниқланган.
89 йирик наркожиноий гуруҳлар фаолиятига чек қўйилиб, улардан 1,4 тонна анъанавий, 61,7 кг синтетик гиёҳвандлик воситалари, 4,6 миллион дона психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар олиб қўйилди. 15 онлайн наркодўкон фаолиятига барҳам берилиб, наркотиклар савдоси билан шуғулланувчи 630 мингдан ортиқ обуначи (аъзо)ларга эга бўлган 1 минг 911 Интернет ресурслари блокланди. Шундан 609 таси телеграм бот, мингдан зиёди ёпиқ ва 298 таси очиқ канал (гуруҳ), чатлардир.
Тезкор-профилактик тадбирлар натижасида 2 тонна 708 килограмм наркотик ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласига чек қўйилиб, аҳоли орасида тарқатилишининг олди олинди. Шундан, 2 тонна 398 килограмм наркотиклар, 310 килограмм кучли таъсир қилувчи ва 3 633 дона психотроп моддалар.
Синтетик наркотикларни тайёрлашда фойдаланиладиган 10,5 тонна прекурсорлар мусодара қилинди. 18 ғайриқонуний нарколаборатория аниқланиб, уларда сақланган жами 1 тонна 40 килограмм гиёҳвандлик воситалари, кучли таъсир қилувчи моддалар ва прекурсорлар ноқонуний муомаладан олинди.
Бу рақамлар қанча инсонлар, айниқса, ёшлар ҳаётига таҳдид солиши мумкин бўлган хавф-хатар бартараф этилганини англатади.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, гиёҳвандликнинг олдини олишда ёшлар билан ишлаш алоҳида аҳамиятга эга. Чунки рақамли муҳитда тарқалаётган нотўғри ахборот, алдов ва яширин реклама ёшларнинг хавфли таклифларга дуч келиш эҳтимолини ошираётгани сир эмас. Шу сабабли, профилактика ишларини фақат огоҳлантирувчи маърузалар билан чеклаб қўймасдан, таълим муассасалари, оила ва маҳалла ҳамкорлигида олиб бориш зарур.
Гиёҳвандликка қарши сиёсатнинг яна бир муҳим йўналиши – тиббий ёрдам ва ижтимоий реабилитацияни ривожлантириш. Гиёҳвандликка дучор бўлган шахсларни даволаш, психологик ёрдам кўрсатиш ва уларнинг жамиятга қайта мослашувига кўмаклашиш ҳам комплекс ёндашувнинг муҳим қисми ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, профилактика, даволаш ва реабилитация бир-бирини тўлдирувчи ягона тизимга айлантирилди.
Наркотрафик давлат чегаралари билан чекланмайди. Шу боис унга қарши самарали кураш халқаро ҳамкорликни талаб қилади. Айнан шу йўналишда қўшни давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ахборот алмашиш, трансмиллий жиноий тармоқларни аниқлаш, наркотик моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний ҳаракатига қарши ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Энг муҳими, профилактика ишлари жамиятда гиёҳвандликка нисбатан барқарор иммунитетни шакллантиришга хизмат қилмоқда. Рақамли технологиялар жиноий тармоқларга янги имкониятлар бераётган бир шароитда давлат ва жамиятнинг унга қарши жавоби ҳам замонавий, тизимли ва халқаро ҳамкорликка асослангани, албатта ўз самарасини беради.
Норгул Абдураимова,
ЎзА