Рақамли ҳисоб, тежамкор суғориш: Туркия тажрибаси нимаси билан аҳамиятли?
Маълумки, сув қишлоқ хўжалиги тараққиёти, озиқ-овқат хавфсизлиги ва аҳоли фаровонлигининг муҳим манбаи. Бироқ, сув ресурсларига бўлган талаб ортиб бораётган бугунги шароитда уни тежашнинг ўзи етарли эмас. Сувни аниқ ҳисобга олиш, тақсимотда шаффофликни таъминлаш ва ҳар бир томчидан самарали фойдаланиш ҳам зарур. Бунинг учун замонавий технологиялар ва рақамли бошқарув ечимлари муҳим аҳамият касб этади.
БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича 31-конференцияси (COP31) доирасида Туркияда бўлиб турган сув хўжалиги вазири ўринбосари Рустам Қаршиев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси хорижий тажрибани ўрганиш жараёнида айнан шу масалаларга алоҳида эътибор қаратди.
Делегация Туркия давлат сув ишлари бош бошқармаси (DSI) вакиллари ҳамроҳлигида Анталия вилоятининг Манавгат туманидаги Нарас тўғони фаолияти билан танишар экан, сув хўжалигида муҳандислик ечимлари қандай иқтисодий самара бериши мумкинлигига ҳам эътибор қаратди. Роликлар билан зичланган бетон технологияси асосида барпо этилган иншоот 7,1 минг гектар майдонни ўзи оқар усулда суғориш имконини беради. Илгари насослар ёрдамида сув етказиб берилган 5,6 минг гектар ернинг босқичма-босқич ушбу тизимга ўтказилаётгани эса электр энергияси сарфини камайтиришга хизмат қилади.
Ташриф давомида делегацияни, айниқса, фермерлар сувдан фойдаланишда қўллаётган смарт-карта тизими қизиқтирди. Унда сув махсус ёпиқ қувурлар орқали далаларга етказилади. Фермер олдиндан тўловни амалга ошириб, смарт-картани гидрантга ўрнатилган ҳисоблагичга яқинлаштирганидан сўнг сув олиш имкониятига эга бўлади. Ишлатилган сув ҳажми эса автоматик равишда қайд этилади.
Бу усул сув сарфини аниқ ҳисоблаш билан бирга, истеъмолчи ва сув етказиб берувчи ўртасидаги ҳисоб-китобларни ҳам соддалаштиради. Делегация мазкур тизим ишлаётган иссиқхона хўжаликларида бўлиб, унинг амалий натижаларини бевосита кузатди.
– Бугун сув хўжалигидаги асосий вазифалардан бири мавжуд ресурсларни шунчаки тақсимлаш эмас, балки улардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш. Бунинг учун сувнинг манбадан истеъмолчигача бўлган ҳаракатини назорат қилиш, йўқотишларни аниқлаш ва ҳисоб-китоб жараёнларини рақамлаштиришимиз керак. Биз учун бу ердаги энг муҳим жиҳат сув ҳисобининг инсон омилига камроқ боғлиқ бўлиши ва ҳар бир истеъмолчининг ўз сарфини аниқ кўра олишидир. Рақамли ҳисоб тизими сувдан фойдаланишда интизом ва масъулиятни кучайтиришга ҳам хизмат қилади.
Хориж тажрибасини ўрганишдан мақсад уни айнан кўчириш эмас, балки мамлакатимиз шароитига мос келадиган самарали ечимларни танлашдир. Шу нуқтаи назардан, Туркияда кўрилган технологияларни “Сув ҳисоби” ахборот тизими билан интеграция қилиш ва пилот лойиҳалар орқали синаб кўриш имкониятлари ўрганилмоқда. Бу келгусида сув тақсимотини янада аниқ ва шаффоф ташкил этишга ёрдам бериши мумкин.
Туркия тажрибасида ёпиқ қувурли суғориш тармоқларининг кенгайиши ҳам эътиборга молик. Мамлакатда бундай тармоқлар улуши 2000 йиллар бошидаги 6 фоиздан бугунги кунда 35 фоизга етган, янги лойиҳаларда эса 95 фоизгача ошган. Бу инфратузилмани ривожлантириш давлат бюджети ва халқаро молиялаштириш манбалари ҳисобидан амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон учун ҳам ушбу тажрибанинг аҳамияти катта. Айниқса, смарт-карта орқали сув ҳисобини юритишни мамлакатимиздаги “Сув ҳисоби” ахборот тизими билан интеграция қилиш истиқболли йўналишлардан бири сифатида кўрилмоқда, – дея таъкидлади вазир ўринбосари.
Ташриф доирасида делегация Анталиядаги “Öncel Group” мевачилик компаниясининг ишлаб чиқариш жараёнлари билан ҳам танишди. Бу эса сувдан самарали фойдаланиш технологияларининг қишлоқ хўжалигидаги амалий аҳамиятини янада чуқурроқ ўрганиш имконини берди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА