Рақамли ҳамкорлик форуми бошланди
Пойтахтимизда рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштириш ҳамда халқаро телекоммуникация алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган «Central Asia-2026 GCCM» халқаро операторлар учрашувининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур нуфузли анжуман дунёнинг 75 та мамлакатидан ташриф буюрган 300 дан ортиқ соҳа экспертлари, йирик телекоммуникация компаниялари ва халқаро ташкилотлар вакилларини бир майдонга жамлади.

Форум доирасида Ўзбекистоннинг минтақавий рақамли хабга айланиш стратегиясига мос келувчи бир қатор устувор йўналишлар муҳокама қилинмоқда. Хусусан, трансчегаравий магистрал тармоқларни кенгайтириш орқали транзит салоҳиятини ошириш, маълумотларни қайта ишлаш марказлари ва булутли технологияларни ривожлантириш, шунингдек глобал тармоқларда киберхавфсизликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек, China Mobile, Deutsche Telekom, ZTE, Kazakhtelecom каби етакчи халқаро компаниялар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, янги рақамли лойиҳаларни амалга ошириш ва инвестицияларни жалб этиш бўйича музокаралар олиб борилиши режалаштирилган.

«Carrier Community» томонидан ташкил этиладиган ушбу халқаро платформа 2008 йилдан буён мобил ва стационар алоқа операторлари ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ягона бизнес экотизимини шакллантиришга хизмат қилиб келмоқда.
Мазкур форумнинг Тошкент шаҳрида ўтказилиши Ўзбекистоннинг халқаро телекоммуникация бозоридаги нуфузини янада мустаҳкамлаш, шунингдек мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА